Россия «Толибон»ни расман тан олди. Қолганлар-чи?

21:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Россия Федерацияси Афғонистон Ислом Амирлигини расман тан олди. «Толибон» жорий этган байроқ Москвадаги элчихона тепасига осилди.

Taliban

Reuters ахборот агентлигининг хабар беришича, Россия Афғонистондаги «Толибон» ҳокимиятини расман тан олган дунёдаги биринчи давлатга айланди.

Россия узоқ йиллар давомида «Толибон» ҳаракатини террорчи ташкилот деб тан олган. Бунга асосий сабаб — «Толибон»нинг 1990-йиллар охири ва 2000 йилларнинг бошларида Афғонистонда амалга оширган зўравон ҳаракатлари, инсон ҳуқуқларининг оммавий бузилиши ва уларнинг халқаро террористик гуруҳлар билан алоқаси бўлган.

2003 йилда Россия Олий суди «Толибон»ни расмий равишда террорчи ташкилот деб эълон қилди. Бу қарор ўша пайтдаги глобал хавфсизлик контекстига, хусусан, АҚШ бошчилигидаги халқаро террорчиликка қарши кураш сиёсатига ҳамоҳанг эди. «Толибон» ҳаракати ўша даврда «Ал-Қоида»га бошпана бергани, халқаро коалиция кучларига қарши курашгани учун, Россия ҳам уни хавфли куч сифатида кўрди.

Бироқ 2021 йилда АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан бутунлай чиқиб кетгач, «Толибон» Афғонистонда ҳокимиятни эгаллади. Эндиликда улар амалда бутун мамлакатни бошқарувчи кучга айланди.

Шу ўзгаришдан сўнг, Россия ўз ёндашувини прагматик йўналишга бурди. Яъни «Толибон» ҳали расмий тан олинмаган бўлса-да, Россия улар билан алоқа ўрнатди, Москвада учрашувлар ўтказди ва Афғонистон билан савдо-иқтисодий ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик қилишга ҳаракат қила бошлади.  Бу Россиянинг минтақавий барқарорликни сақлаш, экстремистик гуруҳларнинг Марказий Осиёга тарқалишининг олдини олиш ва АҚШ таъсирининг камайганидан геосиёсий фойда кўриш истаги билан боғлиқ.

 

Ўзбекистон учун «Толибон» ким?

Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳаракатига нисбатан муносабати ҳар доим эҳтиёткорлик билан мувозанатли бўлган. Расман Ўзбекистон «Толибон»ни ҳеч қачон дипломатик жиҳатдан тан олмаган ва у билан тўғридан тўғри элчихоналар даражасида алоқалар ўрнатилмаган. Шунга қарамай, мамлакат амалиётда «Толибон»ни фақат жангари куч сифатида эмас, балки Афғонистондаги сиёсий воқелик, музокара томони сифатида кўриб келган. Бу ёндашув Ислом Каримов даврида кузатилган.

Ислом Каримов Афғонистондаги беқарорликнинг минтақавий хавфсизлик учун таҳдид эканлигини кўп бора айтган ва тинчлик ўрнатиш учун ҳарбий ечим эмас, музокаралар зарурлигини урғулаган. Масалан, 1999-йилда БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида у Афғонистон муаммосини ички томонлар, шу жумладан «Толибон» билан музокара йўли билан ҳал қилиш кераклигини таъкидлаган. Ўша йилларда «Толибон» Афғонистоннинг катта қисмини назорат қилаётган бир пайтда ҳам Ўзбекистон улар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб борган, жумладан, «Толибон» вакиллари Тошкентга ташриф ҳам буюрган.

2021 йилда АҚШ кучлари Афғонистондан чиққач ва «Толибон» ҳокимиятни эгаллагач, Ўзбекистон ўз позициясини сақлаб қолди — яъни расмий тан олмаган ҳолда улар билан мулоқотни давом эттирди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ушбу воқеани қуйидагича изоҳлаган:

«Булар [толиблар — таҳр.] билан бугун ё кеча эмас, икки йил олдин — ҳали ҳеч қайси давлатлар улар билан гаплашмаганда мулоқотни бошлагандик. Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, мулоқотга киришишга тайёрман».

Толибон вакиллари 2021- ва 2022 -йилларда Термизда ва Тошкентда ўтказилган халқаро йиғилишларда иштирок этган. Ўзбекистон бу орқали Афғонистонда барқарорлик бўлишини, чегарада хавфсизлик сақланишини ва иқтисодий алоқалар, хусусан темир йўл, энергетика ва ҳуманитар ҳамкорликни ривожлантиришни кўзлаган. Афғонистон орқали Ўзбекистонни Покистон портлари билан боғловчи «Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темирйўли лойиҳаси доирасида ҳам «Толибон» билан мулоқот олиб борилган.

Шунингдек, Озарбойжонда ўтган Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотининг 17-саммитида Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистоннинг халқаро майдонга қайтаётганини олқишлади.

 

Иккиланиб турган Ғарб давлатлари

Толибон ҳаракати 2021-йил августида Афғонистонда ҳокимиятни эгаллагунгача ҳам Қатарда расмий ваколатхонага эга эди. Бироқ, бунгача ҳам, 2021 йилдан кейин ҳам Ғарб давлатлари, хусусан АҚШ, уларнинг ҳокимиятини расман тан олмади.

АҚШ ва Европа Иттифоқи мамлакатлари «Толибон»ни расмий ҳукумат сифатида тан олиш учун аввало инсон ҳуқуқлари, хусусан аёллар ва қизларнинг таълим олиш ҳуқуқи таъминланиши, инклюзив ҳукумат тузилиши ва террорчиликка қарши аниқ кафолатлар бўлиши кераклигини таъкидлаб келмоқда. «Толибон» эса бу талабларнинг айримларини рад этган ёки ўз услубида талқин қилган.

2021 йилда АҚШ Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиққанидан сўнг толиблар тезда Кобулни эгаллади. Бу воқеадан сўнг АҚШ «Толибон»ни тан олмаган бўлса-да, у билан амалий масалалар, жумладан, хавфсизлик, инсонпарварлик ёрдами ва эвакуация бўйича алоқа ўрнатди. АҚШ Давлат департаменти бу муносабатни «де-факто мулоқот», деб атаган. Шунга қарамай, АҚШ «Толибон»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқармаган, айни вақтда улар билан баъзи амалий музокараларни олиб бормоқда.

Европа Иттифоқи ҳам «Толибон»ни тан олмаган. Бироқ Европа Иттифоқининг Афғонистонда инсонпарварлик ёрдамларини мувофиқлаштириш учун Кобулда техник ваколатхонаси мавжуд. Еврокомиссия вакиллари қайд этишича, бу ваколатхона дипломатик миссия эмас, балки бевосита афғон халқига ёрдам кўрсатиш мақсадида очилган.

БМТ эса Афғонистонга нисбатан нейтрал позицияда қолмоқда.  «Толибон» БМТ аъзоси бўлган Афғонистон делегациясини ўзгартиришни сўраган, аммо БМТ бу талабни ҳалигача қаноатлантирмаган. Шу билан бирга, БМТ орқали Афғонистонга йиллик миллиардлаб долларлик гуманитар ёрдам етказилмоқда, бу жараёнларда «Толибон» билан ҳам алоқа йўлга қўйилган.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.