Тошкент метросида йўловчиларнинг анъанавий чипта сотиб олишга қизиқиши камайгани боис 13 та бекатдаги айрим кассалар ёпилди. Бу ҳақда Metropoliten ахборот хизмати маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирда йўловчиларнинг фақат 6–7 фоизи касса орқали QR-кодли бир марталик чипта харид қилмоқда. Илгариги йилларда бу кўрсаткич 45–50 фоизни ташкил этган. Бугунги кунда йўл ҳақини тўлаш учун 10 дан ортиқ замонавий усуллар мавжуд бўлиб, улар орасида ATTO ва банк карталари, мобил иловалар ҳамда биометрия воситаларидан фойдаланиш имкони бор.
Метрополитен маълумотига кўра, узоқ муддатли кузатувлар натижасида кассаларда чипта хариди сезиларли камайгани аниқланган. Шу сабабдан, «Мирзо Улуғбек», «Халқлар Дўстлиги», «Пахтакор», «Ҳамид Олимжон», «Пушкин», «Дўстлик», «Тошкент», «Ойбек», «Тинчлик», «Шаҳристон», «Бодомзор», «Минор» ва «Абдулла Қодирий» бекатларидаги бир ҳар бирига тегишли биттадан вестибюлдаги касса ёпилди.
Ушбу нуқталарда синов тариқасида автоматлаштирилган чипта сотиш қурилмалари – махсус банкоматлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, йўловчилар бу жойларда ҳам барча амалдагидек рақамли тўлов усулларидан фойдаланишлари мумкин.
Расмий баёнотда қайд этилишича, замонавий тўлов усуллари нафақат вақтни тежайди, балки йўл ҳақини ҳам арзонроқ қилади.