Тадқиқотга кўра, Россия хуфиёна танкерларининг тахминан 40 фоизи Европа Иттифоқи давлатларидан харид қилинган. Бундай танкерларнинг ўртача ёши 20–25 йилни ташкил этади, бу эса дунёдаги танкерлар ўртача ёши (13 йил)дан икки баробар кўпдир.
Ғарб санкцияларига қарамай, Россия танкерларининг 200 дан ортиғи чекловларга учраган бўлса-да, Москва уларнинг бир қисмини айланиб ўтишга муваффақ бўлиб турибди. Dryad Global ҳисоботи санкцияларни четлаб ўтишда қўлланиладиган асосий тактикаларни очиқлади.
Энг кенг тарқалган услублардан бири автоматик идентификация тизими (AIS) билан манипуляция ҳисобланади. Экипажлар ҳақиқий йўналишни яшириш мақсадида кема турини «нефт танкери»дан бошқа кам назорат қилинадиган тоифага ўзгартиради ёки транспондерни бутунлай ўчиради. Бундай ҳолатлар Сеута ёки Ҳўрмуз туманида кўп кузатилади. Айрим кемалар ҳатто ёлғон координаталар юбориб, бошқа жойда юрибди, деган тасаввур уйғотади.
Шунингдек, байро ва номни тез-тез алмаштириш амалиёти кенг қўлланилади. Масалан, танкер Россия реестридан чиқарилиб, Либерия флагига ўтказилади ва бир вақтнинг ўзида идентификация маълумотлари ўзгартирилади.
Яна бир усул эса мулкчилик тузилмасини ўзгартириш ҳисобланади. Бир йил ичида кема бир неча марта номинал эгалар қўлидан қўлга ўтади, аммо ҳақиқий эгаси яширинча қолади.
Санкцияларни айланиб ўтишда юкнинг келиб чиқишини яшириш ҳам қўлланилади. Ломе, Сеуто ва Кандла ҳудудларида оффшор юк ўтказиш пайтида Россия, Эрон ва Венесуэла нефтлари аралаштирилиб, мазут сифатида расмийлаштирилади. Бу назоратни қийинлаштиради ва санкциялар ҳамда нарх чекловларининг самарадорлигини пасайтиради.