2024 йил якунида Yandex Go орқали ўзини ўзи банд қилган ҳайдовчи, курьер ва шерик автопаркларининг умумий даромади 530 млн долларни ташкил қилди. 2025 йилда бу сумма сезиларли даражада ошиши кутилмоқда, чунки йилнинг биринчи ярмидаёқ 340 млн долларлик даромад қайд этилди. Бу ҳақда Yandex Uzbekistan бош директори Иззат Шукуров хабар бергаizzat shukurov
Бу кўрсаткич Yandex Go хизматининг умумий тушуми эмас, балки агрегатор комиссияси ҳисобидан тозаланган ҳолда, фақатгина ижрочиларнинг тўғридан-тўғри даромади ҳисобланади. Ушбу даромад асосан «Такси», «Доставка», «Еда» ва «Лавка» хизматлари орқали олинган.
2025 йилнинг ўртасига келиб, бу платформада фаолият юритаётган ижрочилар сони 230 минг кишига етди. Улардан 179 минг нафари ҳайдовчилар ва 49 минг нафари курьерлардир. Компания маълумотига кўра, тўлиқ иш вақтида фаолият юритувчи ижрочилар сони ортиб бормоқда.
Бу ўзгаришлар Ўзбекистонда P2P логистика ва платформали бандлик бозори тез суръатларда ривожланаётганини кўрсатмоқда. Эндиликда кўпчилик учун Yandex Go асосий иш ўрнига айланмоқда. Бир йил ичида 50 фоизлик ўсиш шундай хизматларга барқарор талаб борлигини тасдиқламоқда.
Янги тенденция сифатида сервис орқали ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитлар яхшиланмоқда. Жорий йил бошида курьерлар учун суғурта тизими жорий қилинган бўлса, яқинда солиқларни автоматик ҳисоблаш механизми ишга туширилди. Бу орқали сервис йиллик даромади 100 млн сўмдан ошган ижрочиларнинг солиқларини тўғридан-тўғри ҳисоблаб, давлатга ўтказиб беради.
Агар Yandex Go ҳозирги ўсиш суръатини сақлаб қолса, 2026 йил якунида ижрочиларнинг умумий даромади 1 млрд доллардан ошиши мумкин. Бу кўрсаткич Ўзбекистонда айрим бутун соҳаларнинг айланмасига тенг бўлади.