Янги Тошкент халқаро миқёсда эътироф этилмоқда

18:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Янги Тошкент халқаро миқёсда эътироф этилмоқда

Mipmi

Янги Тошкент лойиҳаси нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиё минтақаси учун ҳам инновацион шаҳарсозлик лабораториясига айланмоқда. Лойиҳа орқали яшил ва барқарор ривожланишга асосланган замонавий шаҳар концепцияси яратилаётгани халқаро ҳамкорлар ва инвесторларнинг эътиборини тортмоқда.

Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси ахборот хизмати раҳбари Шаҳноза Нурматова АОКАда ўтказилган брифингда лойиҳанинг халқаро майдондаги муваффақиятлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, 2025 йилда Янги Тошкент Франциядаги «MIPIM» халқаро кўргазмаси, Тошкентдаги Инвестиция форуми ва “ECO EXPO-2025” кўргазмаларида ўзининг макети билан фаол иштирок этган.

Махсус тақдимотлар орқали дунё инвесторларига Янги Тошкентнинг имкониятлари, янги инфратузилма ечимлари ва яшил шаҳарсозлик ғоялари таништирилди. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида лойиҳа ҳажми ва унинг амалий салоҳияти кенг жамоатчиликка намойиш қилинди.

«ECO EXPO-2025» кўргазмасида Янги Тошкент лойиҳаси «Green City» концепциясидаги барқарор шаҳар сифатида эътироф этилди. Кўргазма доирасида экологик стандартлар, яшил қурилиш ва халқаро шаҳарсозлик тажрибалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Янги Тошкент ҳудудида қурилаётган Алишер Навоий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази ҳам халқаро экспертларнинг диққат марказига айланган.

Лойиҳани ривожлантириш мақсадида Янги Тошкент дирекцияси вакиллари 10 дан ортиқ давлатларга хизмат сафари уюштирган. Ўзбекистонлик архитектор ва муҳандислар 2024 йилда Англия, Москва ва Хитойда малака ошириб, халқаро компаниялар билан бевосита тажриба алмашган.