Associated Press агентлиги хабарига кўра, Ғазо секторида фаолият юритаётган инсонпарварлик жамғармаси ходимлари ёрдам сўраб келган фуқароларга нисбатан куч ишлатган. Агентликда мавжуд видеолавҳаларда юзлаб фаластинликларга ўқ узилгани, уларни тарқатиш учун шовқинли гранаталар ишлатилгани аниқ кўрилади.
Гуманитар жамғарма вакили фуқароларга ўқ узилганини рад этган. Бироқ, ушбу жамғарма фаолияти борасида халқаро ташкилотлар томонидан аввалдан хавотир билдириб келинган. Айниқса, охирги пайтларда ёрдам тақсимланадиган жойларнинг «оммавий қатлгоҳ»ларга айланиши кузатилмоқда.
Маълумотларга кўра, 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазода уруш олиб бораётган Исроил ҳукумати ҳудудга озиқ-овқат, сув ва дори воситаларининг киришини тақиқлаган. Шу билан бирга, БМТ ва бошқа халқаро тузилмаларнинг анъанавий ёрдам тизими ҳам самарасиз ҳолатга келтирилган.
Жорий йил май ойида АҚШ иштирокида янги инсонпарварлик марказлари ташкил этилган эди. Аммо уларнинг фаолияти давомида фуқароларнинг ҳарбийлар томонидан ўққа тутилиши халқаро ҳамжамият томонидан қораланмоқда.
БМТ ҳисоботига кўра, ёрдам шохобчаларида ҳозиргача 550 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. Шунингдек, «Haaretz» газетаси бир исроиллик аскарнинг иқрорини эълон қилган — у армия раҳбарияти фуқароларга ўқ узиш буйруғини расман берганини айтган.
Бундан ташқари, «Defence for Children International» ва «Doctors Against Genocide» ташкилотлари Исроилни Ғазо аҳолисини, айниқса болаларни қасддан оч қолдириш орқали очликдан қурол сифатида фойдаланишда айблаган. Улар халқаро ҳамжамиятни бу фалокатга эътибор қаратишга чақирмоқда.