Цензура, бекор қилинган филм ва яширин босимлар: BBC ичкарисида нималар бўляпти?

12:00 | 3 дақиқада ўқилади.

BBC’нинг 100 дан ортиқ ходими раҳбариятга очиқ мурожаат йўллаб, Ғазо ҳақидаги ёритишларда Исроил манфаатлари устувор қўйилаётганини танқид қилди. Улар таҳририятдаги цензура ва қўрқув муҳитини очиқдан-очиқ фош этди.

Bbc

100 дан зиёд BBC ходими бош директор Тим Девига очиқ хат йўллаб, телерадиоканални Ғазода давом этаётган урушни ёритишда Исроил ҳукуматига мойилликда айблади. Ушбу мурожаатга 300 нафардан ортиқ медиа вакиллари, жумладан актёрлар Мириам Марголис, Чарлз Данс ва режиссёр Майк Ли ҳам қўшилган.

Хатда BBC ўз таҳририй стандартларига амал қилмаётгани, гуманитар фалокатга етарли эътибор бермаётгани таъкидланган. Ёритишлар кўп ҳолларда «Исроил ҳукумати ва ҳарбийлари учун пиар» вазифасини бажараётгани қайд этилган.

Норозиликлар «Gaza: Doctors Under Attack» номли ҳужжатли филмнинг эфирга чиқарилмаслиги ортидан янада авж олди. Филм таҳририй гуруҳ томонидан маъқулланган бўлса-да, охирги босқичда бекор қилинган. BBC бунга «бетарафликка путур етиши мумкин» деган асос келтирди, бироқ айрим манбалар филмда қатнашган журналистларнинг Исроилга нисбатан кескин баёнотлари қарорга таъсир қилганини айтмоқда.

Хатда BBC ичида цензура мавжудлиги, ходимлар ижтимоий тармоқларда Исроилни танқид қилган мақолаларни бўлишгани учун таъна ва босимларга дуч келаётгани таъкидланган.

Мурожаатда BBC Бошқарув кенгаши аъзоси Робби Гиббнинг истеъфоси ҳам талаб қилинган. У яҳудийлар билан алоқаси туфайли фаластинларга қарши қарашларни қўллаб-қувватлаётгани учун танқид остига олинган.