Давлат ерини 1,1 млрд сўмга сотиш режаси 300 миллионда тугади

09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сурхондарё вилоятида кадастр ходими бошқа шахс билан тил бириктириб, давлат захирасидаги ерни ноқонуний равишда сотишга урингани учун ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

1.1 mlr er

Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида кадастрлар палатаси муҳандиси фуқаро билан тил бириктириб, давлат ер майдонини ноқонуний равишда сотишга уринган пайтда ушланган. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилди.

Расмий маълумотларга кўра, Денов тумани бўлими, ДХХ ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро М.Н. ва кадастрлар палатаси Олтинсой туман бўлими муҳандиси А.Н. фуқаро А.Й.нинг ишончига кириб, унга Олтинсой туманидаги 65 сотихлик давлат ер майдонини 1,1 миллиард сўмга сотишга келишган. Шунинг 300 миллион сўмлик қисмини олган вақтда улар ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби ҳолат Фарғона вилоятининг Бағдод туманида ҳам қайд этилди. Бу ерда «Sh-B.» фермер хўжалиги ишчиси Ш.Ю. фуқаро Ф.Б.нинг ишончига кириб, унга ушбу фермер хўжалигига қарашли 26 сотих ҳамда туташ ҳудуддаги сув етказиб бериш хизматига қарашли муҳофаза зонасидаги 14 сотих ер майдонини 60 000 АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан 35 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддалари (пора бериш) бўйича жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.