Россия аҳолиси ҳақидаги маълумотлар ёпилди: демографик кўрсаткичлар эълон қилинмаяпти

22:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Росстатнинг май ойи учун ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича эълон қилинган ҳисоботида одатда келтириладиган аҳоли табиий ўсиши, туғилиш ва ўлим ҳолатлари, никоҳ ва ажрашишлар, миграция ва умумий аҳоли сони тўғрисида маълумотлар йўқ.

Gosduma

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ҳисоботда «Демография» бўлими умуман мавжуд эмас. Росстат илгари эълон қилиб келган деталлаштирилган маълумотлар ҳам йўқолди. Энг сўнгги маълумотларга кўра, 1 апрел ҳолатига кўра Россия аҳолиси сони 146,1 млн киши бўлиб, йил бошидан бери 61,1 минг кишига камайган. Биринчи чоракда 288,8 минг киши туғилган ва 471,8 минг киши вафот этган. Натижада, табиий камайиш 183,3 минг киши бўлган. Бу йўқотишнинг 2/3 қисми миграция ҳисобига қопланган.

Муттахассислар Россиядаги демографик вазият уруш натижасида янада ёмонлашганини қайд этади. Росстат ҳисоб-китобига кўра, 2046 йилга бориб мамлакат аҳолиси 138,8 млн кишига тушиб кетиши кутилмоқда. Президент Владимир Путин эса аҳоли табиий камайишини тўхтатиш ва туғилиш кўрсаткичларини ошириш вазифасини қўйган бўлса-да, бу мақсадларга эришиш имкони йўқлиги айтиб келинмоқда.

Демография билан боғлиқ бошқа кўрсаткичлар, жумладан, умр кўриш давомийлиги бўйича маълумотлар ҳам ёпилди. 2024 йил учун фақатгина 72,84 йиллик кутилган умр кўриш кўрсаткичи эълон қилинган, холос. Мутахассислар буни ҳукуматнинг демографик муаммоларни яширишга уриниши сифатида баҳоламоқда.

Бу орада Россия Давлат думаси уч фарзанд учун ипотека қарзидан тўлиқ воз кечишни таклиф қилаётгани хабар қилинди.

Ташаббусга кўра, биринчи фарзанд учун ипотека қарзининг 25 фоизи, иккинчи фарзанд учун 50 фоизи, учинчи фарзанд туғилганда «давлат учун муҳим вазифа бажарилгани учун» қарзнинг қолган қисми ёпиб берилади.

Бундай чоралар фуқароларни кўпроқ фарзанд кўришга чоғлантириши, мамлакатдаги демографик вазиятни яхшилашга хизмат қилиши керак.