Садир Жапаров: «Ўзбекистонга борганда рус тилисиз мулоқот қилиш қийин»

21:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров рус тилининг аҳамияти ҳақида фикр билдириб, унинг расмий мақомини ўзгартиришга оид таклифларни қоралади. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, рус тили Қирғизистон учун муҳим ва амалда зарур тиллардан бири ҳисобланади.

Qosim

«Рус тили бизга эмас, биз рус тилига муҳтожмиз», — деган Жапаров «Kabar» агентлигига берган интервьюсида. У Қирғизистон Конституциясида рус тили расмий мақомга эга эканини эслатиб ўтди.

Президентга кўра, рус тили дунёдаги энг муҳим олти тил қаторига киради. Унинг таъкидлашича, нафақат МДҲ давлатларида, балки Ўзбекистон ва Тожикистонда ҳам рус тилисиз мулоқот қилиш мушкул. Шунингдек, Европа, Америка ва Хитойда ҳам рус тилидаги таржимонлардан фойдаланиш ҳолатлари учрайди.

Садир Жапаров айрим сиёсатчиларнинг рус тили мақомини ўзгартириш ҳақидаги таклифларини «нотўғри ва нонкўрлик» деб баҳолади. Шу билан бирга, у она тилни ривожлантириш зарурлигини ҳам таъкидлаб, халқнинг рус ва инглиз тилларини ҳам билиши кераклигини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 2 июль куни Садир Жапаров Москвада Россия президенти Владимир Путин билан учрашди. Музокара чоғида Путин Қирғизистонда рус тилига берилган мақом учун миннатдорлик билдириб, бу икки давлат ўртасидаги ҳуманитар ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтган эди.