Тошкентда 150 йил ичидаги энг иссиқ кун кузатилди

22:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Кеча Тошкентда 4 июл учун сўнгги 150 йилда қайд этилган энг юқори ҳарорат рекорди янгиланди. Бу ҳақда Uzb.Meteo таҳлилий портали Ўзгидромет маълумотларига таяниб хабар берди.

Toshkent 150 yillik siiq

Маълум қилинишича, «Тошкент-Обсерватория» метеостанциясида ҳаво ҳарорати +43.5 даражага етган. Бу кўрсаткич 1868 йилдан буён айнан шу санада қайд этилган энг юқори ҳарорат сифатида рўйхатга олинди.

Таъкидланишича, пойтахтда кузатувлар тарихидаги мутлақ рекорд 1997 йил 18 июлда кузатилган бўлиб, ўшанда термометр устунчаси +44.6 даражагача кўтарилган.

Кеча қайд этилган ҳарорат ушбу рекорддан 1 даража кам бўлса-да, 4 июл учун алоҳида рекорд сифатида қайд этилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, ҳаво ҳарорати юқори бўлиб қолаётгани фонида аҳоли соғлиги ва хавфсизлиги бўйича эҳтиёт чораларига амал қилиш зарур.

Бундай иссиқ об-ҳаво нафақат аҳоли турмушига, балки шаҳар инфратузилмасига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мутассаддилар соғлиқни сақлаш ва энергетика соҳаларида юзага келиши мумкин бўлган хавфларга тайёр туришга чақирмоқда.