Тошкентда электр узилишлари кўпайди, ҲЭТ бунга изоҳ берди

20:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Сўнгги кунларда Тошкент шаҳри ва вилоятларида электр таъминотида кузатилаётган узилишлар аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди. Расмийларга кўра, бу ҳолат куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасидаги ишлар билан боғлиқ.

Xet

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ маълумотига кўра, таъминотдаги узилишлар режали таъмирлаш ва тўлиқлаш ишлари, шунингдек, давлат дастурлари ҳамда соҳавий қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасидир. Компания таъкидлашича, мазкур ишлар кечиктириб бўлмайди ва ёзнинг иссиқ кунларида ҳам давом этмоқда.

Ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамаларга сабаб бўлган ушбу узилишлар хусусида, айрим ҳолатларда иссиқ об-ҳаво ва электр юкламасининг ортиши ортидан юзага келаётган авариявий ҳолатлар ҳам таъминотдаги узилишларга сабаб бўлаётгани қайд этилган. ҲЭТнинг маълум қилишича, бундай вазиятлар тезкор бригадалар томонидан қисқа фурсатда бартараф этиб борилмоқда.

Компания вужудга келган ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўраб, режали узилишлар ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш тизимини яхшилашни ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил май ойидан Ўзбекистонда ижтимоий истеъмол стандартлари жорий этилган ҳолда, аҳоли учун электр энергиясининг тарифлари икки марта оширилди. Ҳозирда 1 кВт/соат учун базавий тариф 600 сўмни ташкил этмоқда.