5 июл куни Туркияда ўтказилган рейдлар натижасида Адияман шаҳри ҳокими Абдураҳмон Тутдара ва Адана шаҳри ҳокими Зайдан Қоралар ҳибсга олинди. Улар ҳар иккаласи ҳам асосий мухолифат партияси – Жумҳурият Халқ партияси (ЖХП) аъзоларидир. Бу ҳақда AP хабар берди.
Шунингдек, Анталя шаҳрида олиб борилган алоҳида тергов доирасида Анталя ҳокими Муҳиддин Бўчак ҳам қўлга олинди. У ҳам ЖХП аъзоси ҳисобланади. Прокуратура бу иш порахўрлик билан боғлиқ экани, яна икки шахс ҳам ушланганини билдирди.
ЧП вакиллари бу ҳибсга олишларни ҳукуматнинг мухолифат партиясини заифлаштиришга қаратилган ҳаракатлари сифатида баҳоламоқда. Бироқ ҳукумат суд ва прокуратура органлари мустақил ишлаётганини таъкидламоқда.
Қоралар Истанбул яқинида, Тутдара эса уйи жойлашган пойтахт Анқарада қамоққа олинган. Тутдере ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзини Истанбулга олиб кетишаётганини маълум қилди. Шунингдек, полиция Адана ва Адияман шаҳарларидаги маҳаллий бошқарув идораларида тинтув ўтказди.
Расмий баёнотга кўра, Адана ҳокими Зайдан Қаралар ва Aдияман ҳокими Абдураҳмон Тутдарага нисбатан далиллар бир тадбиркор томонидан тақдим этилган. У илгари ўзи ҳам ҳибсга олинган, кейинроқ прокурорлар билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган.
Прокурорларнинг айтишича, ҳокимлар шаҳарда ишлаётган баъзи компания раҳбарларидан ноқонуний тарзда пул талаб қилишган.
Бу ҳибслар, сўнгги ойларда ЖХП (Жумҳурият Халқ партияси) бошқарувидаги шаҳар ҳокимликларида ишлаётган бир неча амалдорларнинг қамоққа олиниши ортидан содир бўлди.
Ҳокимларнинг ҳибсга олиниши ортидан, ЖХП етакчиси Ўзгур Ўзал партиянинг юқори раҳбариятини фавқулодда йиғилишга чақирди.
Шунингдек, Анқара шаҳри ҳокими Мансур Яваш ҳукуматга мурожаат қилиб, нега президент Ражаб Тоййиб Эрдўған партияси бошқарувидаги шаҳар ҳокимликлари худди мухолифатдагидек қатъий тергов қилинмаяпти, деган саволни ўртага ташлади.
У ижтимоий тармоқда шундай ёзди: «Агар қонун сиёсатга қараб ишласа, адолат фақат айримларга қўлланилиб, бошқалар эътиборсиз қолса, ҳеч ким биздан бундай тизимга ишонишимизни кутмасин».
Аввалроқ Истанбул ҳокими Акрам Имомўғлунинг ҳибсга олиниши Туркияда катта норозиликларга сабаб бўлган эди. Бу сўнгги ўн йил ичидаги энг йирик кўча намойишларига олиб келган.
Акрам Имомўғлу воқеалари
Туркия сиёсатида сўнгги йилларда энг эътиборли шахсларидан бири бўлган Истанбул шаҳри ҳокими Акрам Имомўғлу атрофидаги воқеалар мамлакатда сиёсий адолат, суд тизими мустақиллиги ва мухолифатга нисбатан босим масалаларини кескин муҳокамага олиб чиқди. Имомўғлу 2019 йилда Истанбулда бўлиб ўтган сайловларда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг партияси – Адолат ва Тараққиёт партияси (АТП) номзодига қарши чиқиб, кутилмаган ҳолда ғалаба қозонди. Бу натижалар бекор қилиниб, сайловлар қайта ўтказилган бўлса-да, у иккинчи бор ҳам анча катта фарқ билан ғалаба қозониб, Эрдўған ҳокимияти учун жиддий сиёсий рақибга айланди.
Имомўғлу 2024 йил март ойида бўлиб ўтган маҳаллий сайловларда яна Истанбул ҳокими этиб сайланди. Сайловдаги бу муваффақият Имомўғлунинг сиёсий мавқеини янада мустаҳкамлади. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай, унга нисбатан коррупция ва ваколатдан суиистеъмол қилиш айбловлари илгари сурилди. Прокуратура уни шаҳар бюджети маблағларини ноқонуний мақсадларда ишлатганликда, айрим давлат буюртмаларини таниш-билишларга берганликда айблади. Натижада, 2025 йил март ойида у ҳибсга олинди. Имомўғлу ва унинг адвокатлари бу ишни мутлақо сиёсий сабабларга таянилган қатағон деб ҳисобламоқда.
Унинг ҳибсга олиниши бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди. Айниқса Истанбулда минглаб одамлар кўчаларга чиқиб, ҳукуматни сиёсий рақибларни қамал орқали четлатишга уринишда айбладилар. Норозилик намойишлари «Адолат талаб қиламиз!», «Имомўғлу биз билан!», «Демократияга ҳужум – халқка қарши ҳужум!» каби шиорлар остида ўтди. Бу норозиликлар сўнгги ўн йил ичидаги энг кенг кўламли сиёсий кўча ҳаракатларига айланди. Турли халқаро ташкилотлар, жумладан Европа Иттифоқи ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳам Туркия ҳукуматини суд тизимининг мустақиллигини сақлашга ва сиёсий эркинликларга ҳурмат билан қарашга чақирдилар.
Имомўғлу эффекти
Имомоғлу иши фонида бошқа шаҳар ҳокимларига қарши ҳам кескин чора-тадбирлар кўрилмоқда. Туркиянинг учинчи йирик шаҳри бўлган Измирда ЖХПга мансуб собиқ мэр Тунч Сўйер ва 137 нафар шаҳар амалдори тендер фирибгарлиги ва молиявий қаллобликда гумон қилиниб, ҳафта бошида ҳибсга олинган. 4 июл куни эса Тунч Сўйер ва яна 59 киши суд қарори чиққунга қадар қамоқда қолдирилди. Сўйернинг адвокати бу ишни «очиқдан-очиқ адолатсиз, қонунга хилоф ва сиёсий сабабли» деб баҳолади.
Шу куни яна бир шов-шувли ҳибс ҳолати Анталя вилоятида юз берди. Ўрта ер денгизи бўйидаги машҳур сайёҳлик шаҳри Манавгатнинг ЖХП вакили бўлган мэри Ниёзи Нефи Қора ва яна 34 нафар киши коррупция билан боғлиқ айбловлар асосида ҳибсга олинди. Бу хабарни давлат оммавий ахборот воситалари эълон қилди.
Кузатувчилар фикрича, бу ҳибслар Туркияда мухолифатга нисбатан кучайиб бораётган сиёсий босимнинг бир кўриниши бўлиши мумкин. Ҳукумат эса барча ишлар қонуний асосда олиб борилаётганини ва суд-ҳуқуқ органлари мустақил ҳаракат қилаётганини таъкидламоқда. Бироқ мухолифат бу ҳаракатларни адолатсиз ва сиёсий манфаатлар билан боғламоқда.
Меҳриноза Фармонова тайёрлади.