Зеленский Россияга тегишли 1600 вагонни мусодара қилишни таклиф қилди

21:30 | 2 дақиқада ўқилади.

Украина раҳбари мазкур мулк давлат эҳтиёжлари учун олиниши кераклигини таъкидлади.

Zelensky 1600

Украина президенти Владимир Зеленский Россияга қарашли 1592 та темирйўл вагонини давлат фойдасига мусодара қилиш ҳақидаги қонун лойиҳасини Олий Радага тақдим этди. Ҳужжат парламент расмий сайтида эълон қилинди.

Изоҳловчи хатда қайд этилишича, бу вagonлар устидан назорат ўрнатилишига йўл қўймаслик учун уларни давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш зарур. Бу жараён давлат томонидан умумий манфаатлар асосида мулкка эгалик қилиш ҳуқуқига таянади.

Маълумот учун, Украина 2022 йил мартидан бери Россия ва Беларусга тегишли активларни компенсациясиз мусодара қилиш ҳуқуқини берувчи қонун асосида фаолият юритиб келмоқда. Украина расмийларининг билдиришича, сўнгги йилларда ушбу қонун доирасида тахминан 940 миллион долларлик мулк мусодара қилинган ва давлат тасарруфига ўтказилган.

Россия эса бундай хатти-ҳаракатларни мутлақо ноқонуний, деб баҳолаб, уларни «талон-тарож» сифатида таърифламоқда.