Financial Times нашрининг ёзишича, дунё аҳолисининг ярмига яқинини қамраб олишини таъкидлаб келаётган BRICS гуруҳи навбатдаги саммитини Бразилияда ўтказишга тайёргарлик кўрмоқда. Аммо гуруҳнинг тезда кенгайиши саммитда келишувга эришишни қийинлаштирмоқда.
2023 йилгача Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкадан иборат бўлган гуруҳга кейинги пайтларда Саудия Арабистони, Миср, Эрон каби давлатлар қўшилди. Бу эса BRICS таркибидаги демократия ва автократия ўртасидаги зиддиятларни янада кучайтирди.
Саммитда гуруҳнинг ярмига яқини, жумладан, Хитой президенти Си Жинпин ва Россия президенти Владимир Путин иштирок этмайди. Путин Украинадаги уруш билан банд, Си Жинпиннинг саммитда қатнашмаслик сабаби эса расман тушунтирилмаган. Унинг ўрнига Хитой бош вазири Ли Қянг ташриф буюради.
Жанубий Америка, Яқин Шарқ ва Осиёнинг янги аъзо давлатлари BRICS таркибида бўлинмаларни кучайтирмоқда. Айниқса, Африкадаги БМТ Хавфсизлик Кенгаши ўрни бўйича келишмовчиликлар саммит олдидан BRICS ташқи ишлар вазирлари учрашувида очиқ кўринди.
Ҳиндистон гуруҳ ичида ўз таъсирини йўқотмоқда ва Ғарб давлатлари, жумладан, АҚШ ва Европага яқинлашишни давом эттирмоқда. Бразилия эса саммитни барқарор мавзуларга йўналтиришга интилиб, яшил энергия ва сунъий интеллект соҳаларига эътибор қаратмоқда.
Эрон-Исроил можароси, БМТ ислоҳоти ва Фаластин масалалари бўйича ҳам келишмовчиликлар мавжуд. Гуруҳ АҚШ президенти Доналд Трампни безовта қилмаслик учун баҳсли баёнотлардан эҳтиёт бўлаётгани қайд этилди.
BRICS Тараққиёт банки йиғилишида Бразилия президенти Лула да Силва «янги савдо валютаси» ғоясини кўтарди. Аммо Трамп бу ташаббусга қарши кескин тариф таҳдиди қилган.
Хитой учун асосий мақсад АҚШ протекционизмига қарши кўп томонлама савдо тизимини қўллаб-қувватлашдир. Аммо Хитой экспертларига кўра, BRICS ичидаги бўлинишлар гуруҳнинг ягона иқтисодий баёнотга келишини қийинлаштирмоқда.