Эрдўған: Туркия Россия ва Озарбойжон ўртасидаги кескинликни диққат билан кузатмоқда

06.07.2025 19:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия ва Озарбойжон ўртасидаги кескин вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди. У икки томонни сабр-тоқатли бўлишга чақирди ва бу масалани Озарбойжон президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилганини таъкидлади.

Erdo'g'an

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия ва Озарбойжон ўртасидаги сўнгги дипломатик инқироз юзасидан баёнот бериб, Анқара икки давлат билан чуқур стратегик муносабатларга эга эканини ва вазиятни диққат билан кузатиб бораётганини билдирди.

Эрдўғон журналистлар билан суҳбатда, Туркия икки дўст мамлакат ўртасидаги муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишга умид қилмоқда, деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Кавказ минтақаси янги можароларни кўтара олмайди ва барча муаммолар дипломатик тарзда ҳал қилиниши лозим.

«Биз вазиятда кескинликка олиб келадиган ҳар қандай ҳаракатнинг олдини олишни хоҳлаймиз. Бу масалани Озарбайжон президенти Илҳом Алиев билан муҳокама қилдик. У ҳам масалага эътибор билан ёндашмоқда ва можарони чуқурлаштириш тарафдори эмаслигини айтди», — деди Эрдўғон.

Мазкур баёнот Россия ва Озарбойжон ўртасидаги сўнгги кескин вазият фонида янгради. Россияда Екатеринбург шаҳрида Озарбойжон фуқаролари иштирокидаги жиноий гуруҳга қарши амалиёт ўтказилиб, бир неча киши қўлга олинган эди. Озарбойжон бу ҳолат юзасидан Россия дипломатини чақириб, эътироз билдирган.

Шунингдек, Озарбойжон ҳукумати Боку шаҳрида Россиянинг Sputnik агентлиги ходимларини асоссиз равишда қўлга олган. Медиагруппа «Россия сегодня» бу ҳолатни асоссиз ва ноҳақ деб баҳолаган ва журналистларни тез орада озод қилишни талаб қилган.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремл вазиятни жиддий қабул қилаётганини маълум қилган ва Боку билан тўғридан-тўғри музокаралар орқали масалани ҳал этишга умид билдирган.

БМТ расмийлари эса журналистлар фаолияти ҳимоя қилиниши лозимлигини қайд этган. Шу билан бирга, Озарбойжон оммавий ахборот воситалари Бокуда наркотик савдоси ва кибержиноятларда айбланаётган Россия фуқаролари ҳам қўлга олинганини хабар қилган.