Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон Европага «яшил» энергия етказиб бериш бўйича ҳамкорликни расман бошлади. 1 июл куни ушбу мамлакатлар энергетика компаниялари Green Corridor Union номли қўшма корхонани ташкил этиш бўйича шартнома имзолади.
Янги корхона Боку шаҳрида рўйхатдан ўтди ва уни Фарҳод Мамедов бошқаришга тайинланди. Қўшма лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», Озарбайжоннинг «Азерэнержи» ва Қозоғистоннинг KEGOC компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда.
«Мазкур лойиҳа мамлакатларимизда энергетик хавфсизликни кучайтириш ва Европага қайта тикланувчи энергия етказиб беришда муҳим рол ўйнайди», — дейилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маълумотида.
2024 йил ноябр ойида Бокуда бўлиб ўтган COP-29 иқлим саммитида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон президентлари яшил энергия соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзолаганди. Шу битим асосида Европа йўналишига кабел инфратузилмасини ривожлантириш бошланди.
Ўзбекистон 2030 йилдан ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбайжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2030 йилда мамлакатда 135 млрд кВт/соат энергия ишлаб чиқариш имкониятига эришилади ва шундан 10-15 млрд кВт/соати хорижга сотилиши мумкин.