Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон «яшил» энергия учун қўшма корхона тузди

10:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон Европага «яшил» энергия етказиб бериш мақсадида Green Corridor Union қўшма корхонасини ташкил қилди. Лойиҳа энергетик хавфсизлик ва барқарор ривожланиш учун муҳим қадам бўлади.

Energetika

Ўзбекистон, Озарбойжон ва Қозоғистон Европага «яшил» энергия етказиб бериш бўйича ҳамкорликни расман бошлади. 1 июл куни ушбу мамлакатлар энергетика компаниялари Green Corridor Union номли қўшма корхонани ташкил этиш бўйича шартнома имзолади.

Янги корхона Боку шаҳрида рўйхатдан ўтди ва уни Фарҳод Мамедов бошқаришга тайинланди. Қўшма лойиҳа «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари», Озарбойжоннинг «Азерэнержи» ва Қозоғистоннинг KEGOC компаниялари иштирокида амалга оширилмоқда.

«Мазкур лойиҳа мамлакатларимизда энергетик хавфсизликни кучайтириш ва Европага қайта тикланувчи энергия етказиб беришда муҳим рол ўйнайди», — дейилади «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ маълумотида.

2024 йил ноябр ойида Бокуда бўлиб ўтган COP-29 иқлим саммитида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбойжон президентлари яшил энергия соҳасида стратегик шериклик тўғрисида битим имзолаганди. Шу битим асосида Европа йўналишига кабел инфратузилмасини ривожлантириш бошланди.

Ўзбекистон 2030 йилдан ортиқча ишлаб чиқарилган электр энергиясини Қозоғистон ва Озарбойжон орқали Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда. Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, 2030 йилда мамлакатда 135 млрд kWh энергия ишлаб чиқариш имкониятига эришилади ва шундан 10-15 млрд kWh қисми хорижга сотилиши мумкин.