2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистоннинг жорий операциялар ҳисоби 160,7 млн доллар манфий салдо билан шаклланди. Бу кўрсаткич 2024 йилнинг шу даврида қайд этилган 2,1 млрд долларлик манфий салдога нисбатан кескин пасайишдир.
Бу натижа 2017 йил биринчи чоракдан буён қайд этилган энг паст даража бўлди. Маълумотларга кўра, 2018 йилнинг шу даврида манфий салдо 226 миллион долларни ташкил қилган эди.
Жорий ҳолат, асосан, савдо балансининг яхшиланиши ҳисобига вужудга келди. Хусусан, савдо балансининг манфий салдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34 фоизга қисқариб, 2,6 млрд доллар бўлган. Бунга асосий сабаб – экспорт ҳажмининг жадал ўсиши ва импорт ҳажмининг барқарор қолганидир.
Айниқса, олтин экспорти кўрсаткичларининг ўсиши жами экспорт ҳажмини 22 фоизга оширди. Натижада экспорт қарийб 8 млрд долларга етган. Шу билан бирга, жами импорт ҳажми 10,5 млрд доллар атрофида сақланиб қолган.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалар ҳажми ўсган. Бу ҳолат бирламчи ва иккиламчи даромадлар балансида ижобий сальдо шаклланишига сабаб бўлди. Мазкур даромадлар мос равишда 148,9 млн доллар ва 2,2 млрд долларни ташкил қилган.