Қуёш ёки иссиқ уришидан қандай сақланиш мумкин?

17:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Об-ҳаво кескин исиб кетган кунларда инсон танасини қуёш ва иссиқ уришидан ҳимоялаши жуда муҳим. Бу ҳолат нафақат болалар ва қариялар, балки соғлом инсонлар учун ҳам хавфли ҳисобланади. Вақтида қоидаларга амал қилиш инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.

Issiq havo

Кунлар қизиб бораётган бу фаслда қуёш ва иссиқ уришидан эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Мутахассислар таъкидлашича, қуёш уриши асосан очиқ ҳавода тўғридан-тўғри қуёш нури остида юрган пайтда рўй беради, аммо иссиқ таъсири бир неча соат ўтиб ҳам намоён бўлиши мумкин.

Қуёш уришидан сақланиш учун биринчи навбатда соат 10:00 дан 17:00 гача қуёш остида юрмаслик зарур. Фақат табиий матодан тайёрланган енгил ва ёрқин рангли кийимларда бўлиш тавсия этилади. Бош кийим ва қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш ҳам шарт.

Сув ичишда меъёрга риоя қилиш керак. Тез-тез ва кам-камдан сув, ёки енгил дамланган чой, шарбатлар ва минерал сувлар истеъмол қилиш фойдали. Бундан ташқари, қуёшда бўлган пайтда қуёшдан ҳимояловчи кремлардан фойдаланиш зарур.
Қуёшдан қайтгач, албатта совуқ сув билан ювиниш ёки тана қисмларини нам сачоқ билан артиш тавсия қилинади. Яна бир муҳим қоида — оч қорин билан ёки овқатдан сўнг дарҳол қуёш остида бўлмаслик керак.

Қуёш ёки иссиқ уришининг белгилари қуйидагича: умумий ҳалсизлик, бош оғриғи, бош айланиши, кўнгил айниши, юрак уриши ва нафас олиш тезлашиши, баъзида танада оғриқ ва қон кетиши, оғир ҳолатларда ҳушни йўқотиш, тутқаноқ ва галлюцинация ҳолатлари кузатилиши мумкин.

Бундай ҳолатларда биринчи ёрдам жуда муҳим. Беморни салқин жойга олиб ўтиш, бошини сал кўтариб, кийимини ечиш ва тоза ҳаво таъминлаши зарур. Бемор ҳушида бўлса, унга тузли сув ёки енгил дамланган чой бериш мумкин. Бошини нам сачоқ билан артиш ёки музли сув билан совитиш тавсия этилади.

Оғир ҳолларда тез ёрдам шифокорини чақириш ёки беморни тез орада шифохонага етказиш талаб қилинади. Вақтида кўрсатилган ёрдам инсон ҳаётини сақлаб қолиши мумкин.