Хитой қайта тикланувчи энергия манбалари ривожига катта сармоя киритган дунёдаги энг йирик инвестор сифатида мустаҳкам ўрин эгаллади. Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотига кўра, Хитойда бу соҳадаги инвестициялар 2021 йилдаги 166 млрд доллардан 2024 йилга келиб 345 млрд долларгача ошган. Жаҳондаги умумий капитал қўйилмаларида Хитойнинг улуши 36 фоиздан 45 фоизгача кўтарилган.
Сўнгги йилларда бунга асосий туртки берган соҳалардан бири қуёш энергетикаси бўлди. 2021 йилдан 2024 йилгача Хитойда қуёш панеллари ишлаб чиқариш ва ўрнатишга инвестициялар уч баравардан кўпроқ ошиб, 66 млрд доллардан 219 млрд долларга етди. Шунингдек, шамол электр станциялари қурилишига сарфланган маблағлар ҳам 60 фоиздан ортиқ ўсиб, 2024 йилда 107 млрд долларни ташкил этди.
Бундай улкан суръатдаги ўсиш Россия учун экспорт хавфларини юзага келтирмоқда. Хусусан, Хитойда кумир электр станциялари улуши кескин камаймоқда ва бу Россиянинг анъанавий ёқилғи экспортига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мутассаддилар фикрича, келгусида Хитойнинг табиий газга бўлган эҳтиёжи ҳам пасайиши эҳтимоли бор.
Россия энергетика бозори учун Хитой асосий ҳамкор бўлиб қолмоқда, аммо қайта тикланувчи энергия манбалари борасидаги бундай кенг кўламли ўзгаришлар Россия экспорт салоҳиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.