Солиқ кодексининг 60-моддасига кўра «AAA» тоифаси Солиқ қўмитаси томонидан жорий қилинган барқарорлик рейтингининг энг юқори босқичидир. Ушбу рейтинг орқали қонунчилик талабларига риоя қилган, молиявий фаолияти шаффоф тадбиркорлар сараланади ва уларга бир қатор имтиёзлар берилади.
Жумладан, «AAA» тоифали субъектларда солиқ текширувлари ўтказилмайди (https://lex.uz/ru/docs/-4674902#-4679249)(жиноят ишлари доирасидаги текширувлар бундан мустасно), ҳамда уларнинг ҚҚС суммаси бир кун ичида қайтарилади. Бу тартиб Солиқ кодексининг 137 ва 274-моддаларида назарда тутилган.
Бироқ ушбу имтиёзлар давлат корхоналари ҳамда устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши бўлган юридик шахсларга тааллуқли эмас. Бу, асосан, хусусий тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбир ҳисобланади.
Маълумот учун, 2024 йилда «AAA» тоифасидаги 1 099 та субъектга 1,93 трлн сўм ҚҚС бир кунда, ҳеч қандай текширувсиз қайтариб берилган эди.