АҚШ «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни террорчи гуруҳлар рўйхатидан чиқарди

08:15 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти сунний исломий гуруҳ — «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни хорижий террорчилик ташкилотлар рўйхатидан расман чиқарди. Бу қарор Вашингтоннинг Сурияга нисбатан санкцияларни юмшатишга қаратилган сиёсатининг муҳим босқичи сифатида баҳоланмоқда.

Trump sharaa2

7 июл куни эълон қилинган Давлат департаменти хизмат ёзишмасида маълум қилинишича, мазкур қарор 23 июнда қабул қилинган ва 8 июлдан АҚШнинг расмий ҳужжатлар журнали — Federal Register’да нашр этилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Трамп 30 июн куни Дамашққа нисбатан бир томонлама санкцияларни бекор қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган, бироқ бу қарор собиқ президент Башар Асад ва унга яқин шахсларга тааллуқли эмас.

АҚШ давлат котиби Марко Рубионинг таъкидлашича, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом»ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқариш АҚШ бош прокурори Пэм Бонди ва молия вазири Скотт Бессент билан келишилган ҳолда амалга оширилган.

Ушбу гуруҳ аввалроқ «Жабҳат ун-Нусра» номи билан танилган бўлиб, у «Ал-Қоида»нинг Суриядаги бўлими ҳисобланган. Гуруҳ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа (Абу Муҳаммад ал-Жўлоний номи билан машҳур) кейинчалик «Ал-Қоида»дан узоқлашиб, «Исломий давлат»га қарши кураш олиб боргани қайд этилган.

2024 йил декабрида «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» бошчилигидаги мухолифатчилар Дамашқни назоратга олган ва Башар Асадни мамлакатдан чиқиб кетишга мажбур қилган. Суриянинг муваққат ҳукумати раҳбари сифатида Аҳмад аш-Шаръа тайинланган. 2025 йил май ойида у АҚШ президенти Доналд Трамп билан Ар-Риёдда учрашган, ана шу учрашувда Вашингтон сиёсатини қайта кўриб чиқиш ҳақида эълон қилинган эди.

Шунга қарамай, «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» ҳозирча БМТ ва қатор Ғарб давлатларида террорчилик ташкилоти сифатида тан олинганлигича қолмоқда.