Жумладан, уларнинг лавозим маошига 200 фоизли устама белгиланади. Шунингдек, кўп йиллик хизмат учун 1 йилдан 15 йилгача бўлган стажга қараб қўшимча коэффициентлар асосида устама қўлланилади. Бу имтиёзлар хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари барчага тааллуқли.
Ҳужжатга кўра, Ўзбекистоннинг 2026—2027-йилларга мўлжалланган ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:
– Бадиий кўргазмалар дирекциясининг кўргазма залини реконструкция қилиш, замонавий галерея биносини қуриш ва 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази фаолиятини йўлга қўйиш;
– Миллий усулда қоғоз тайёрлаш бўйича ўқув-ишлаб чиқариш устахонасини яратиш;
– Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг қўшимча ўқув биносини қуриш.
Қарорда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таълим мазмунини бойитишга қаратилган муҳим ўзгаришлар ҳам акс этган. Бакалавриат ва магистратура битирувчиларига мактабларда тасвирий санъат дарс бериш ҳуқуқи берилади, профессор-ўқитувчиларнинг бадиий асарлари монографияга тенглаштирилади.
Шунингдек, 2025-йил 1-июлдан бошлаб Бадиий академия марказий аппарати ва унинг Қорақалпоғистон бўлими ходимлари учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ойлик рағбатлантириш устамаси белгиланади:
ходимларнинг лавозим маошига 200 фоиз миқдорида;
ходимларнинг лавозим маошига кўп йиллик хизмат муддати учун (хизмат кўрсатувчи ва техник ходимлардан ташқари) коеффициент ҳисобида:
1 йилдан 5 йилгача — 0,3;
5 йилдан 10 йилгача — 0,6;
10 йилдан 15 йилгача — 0,9;
15 йилдан ортиқ — 1,2.