Исроил Эронга қарши янги урушга тайёргарлик кўрмоқда — Axios

12:00 | 5 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп агар Эрон уранни бойитиш дастурини қайта тикланса, Исроилнинг зарбалар учун рухсат бериши мумкин.

Tramp

Исроил ҳукумати Эрон ядровий дастурини қайта фаоллаштирса, унга қарши ҳарбий амалиётни тиклашга тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда Axios нашри хабар бермоқда. Трамп ҳам бундай амалиётга «яшил чироқ» ёқиши мумкин.

7 июл куни Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда Трамп ва Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг асосий муҳокама мавзуси — Эрон ядровий таҳдиди бўлди. Исроиллик расмийлар Трамп билан ядровий таҳдид кучайса, қандай йўл тутиш бўйича умумий стратегия келишиб олишга умид қилмоқда.

Нетаняҳунинг маслаҳатчиси Рон Дермерга кўра, Трамп маъмурияти маълум бир воқеалар рўй берса, Эронга қарши янги зарбаларни қўллаб-қувватлашга тайёр. Бундай шартлар қаторида — Фўрду, Натанз ва Исфаҳондаги объектлардан юқори даражада бойитилган уранни чиқариш ёки ядровий инфратузилмани қайта тиклаш уринишлари ўрин олган.

Ўтган ҳафта Дермер АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс, давлат котиби Марко Рубио ва Яқин Шарқ бўйича Оқ уй вакили Стив Уиткофф билан учрашувлар ўтказди. Учрашувлар тафсилотлари ошкор қилинмаган.

Трамп эса Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушдан сўнг икки бор шундай баёнот берди: агар Теҳрон уран бойитишга қайтса, АҚШ ҳужумларни қайта бошлаши мумкин. Шунга қарамай, у дипломатик ечим имкониятини истисно қилмаяпти ва янги тўқнашувдан қочишга умид билдирган.

АҚШ ва Исроил разведкаси баҳолашича, ҳозирда Эроннинг учта ядровий объектларида 60 фоизгача бойитилган тахминан 400 кг уран қолган. Бу ҳали қурол ясаш учун етарли эмас, аммо жуда яқин миқдор. Объектлар жиддий зарарлаган, лекин бутунлай йўқ қилинмаган, ҳамда уларга кириш қийинлашган.

Эрон президенти Масъуд Пизишкиён америкалик журналист Такер Карлсонга берган интервьюсида объектларга етказилган зарарни тасдиқлади, аммо уларнинг аниқ ҳолати ҳали баҳоланмаганини айтди.

Айни пайтда, АҚШ ва Исроил Эрон томонидан эҳтимолий уран кўчириш ёки таъмирлаш ишлари бошланишини кузатмоқда.

Яқин кунларда АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф Норвегия пойтахти Ослода Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчий билан учрашиши кутилмоқда. Эрон ҳам бу учрашувга тайёргарлик кўраётганини тасдиқлади, лекин аниқ сана ҳозирча маълум эмас.

Дермернинг сўзларига кўра, АҚШ ҳануз Эрон ҳудудида уран бойитишга йўл қўйилмаслиги борасида қатъий талабни илгари суриб келмоқда.