Исроилликларнинг аксарияти Ғазода зулмни оқламоқда — сўров натижалари

08.07.2025 09:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ғарбий Қуддусдаги Яҳудий университети сўровига кўра, Исроил жамиятида Ғазо аҳолисига нисбатан фикрлар кескин радикаллашаётгани кузатилмоқда. Аксарият исроилликлар «Ғазода бирорта ҳам бегуноҳ одам йўқ» деган фикрни қўллаб-қувватламоқда.

Gaza children

Жорий йил июн ойи бошида эълон қилинган тадқиқотга кўра, исроилликлар орасида 64 фоиз респондент ушбу даъвони маъқуллаган. Шу билан бирга, мамлакат аҳолисининг тахминан 20 фоизини ташкил этувчи Исроил фуқаролигига эга бўлган араблар бу фикрни 92 фоиз ҳолда рад этган, деб ёзади TRT Global.

Сўровда қайд этилишича, ушбу даъвони ҳозирги ҳукумат тарафдорларининг 87 фоизи, Авигдор Либерман партияси каби мухолифатдаги ўнг қанот партия сайловчиларининг 73 фоизи, марказчи гуруҳнинг 63 фоизи ва ҳатто сўл партияларга овоз берувчиларнинг 30 фоизи қўллаб-қувватлаган.

Муаллифлар таъкидлашича, бу каби қарашлар 2023 йил 7 октябридан кейин пайдо бўлган эмас. Яна 2018 йилда собиқ мудофаа вазири Авигдор Либерман оммавий равишда «Ғазода бирор бегуноҳ йўқ» деб баёнот берган эди.

2023 йил октябрида Исроил президенти Ицҳак Ҳерцог ҳам шунга ўхшаш фикр билдириб, «бутун бир миллат жавобгар» эканини айтган ва «Фақат тинч аҳоли бор, деган гап ҳақиқатга тўғри келмайди», деган. Бу гаплар кейинчалик БМТ Халқаро судида Жанубий Африканинг Исроилга қарши геноцид айблови доирасида тақдим этилган далиллар қаторига киритилган.

Ҳерцог кейинчалик судни «қонли туҳмат» ва «гапларининг маъносини бурганлик»да айблаган бўлса-да, сўзларининг маъноси жамоатчилик томонидан аниқ қабул қилинган.

Таҳлилчиларга кўра, бу каби риторика тасодифий эмас — у сионистик мафкуранинг бир қисми сифатида, тарихан мустамлакалаштириш мантиқи билан боғланган.