4 июл куни Екатеринбургда озарбойжонлик ака-ука Сафаровлар қўлга олиниш пайтида ҳалок бўлди. Бу воқеа Озарбойжон ва Россия ўртасидаги муносабатларнинг беқиёс даражада совушига олиб келди. Бокуда россияликлар калтакланди, Россия агентлигининг офиси рейд қилинди, давлат ОАВларида эса Россия ҳатто нацистлар Германиясига қиёсланди.
Масала аслида фақат битта воқеа билан чекланмайди. 2024 йилда Россия ҲҲҲ тизими Озарбойжон йўловчи самолётини «хатолик билан» нишонга олгач, у Қозоғистонгача учиб бориб, авариявий қўниши чоғида 38 киши ҳалок бўлганди. Озарбойжон бу фожиада Кремлнинг расмий жавобгарлигини ва тўлиқ очиқликни талаб қилмоқда.
Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, Боку стратегик шерик сифатидаги муносабатларга эмас, балки тенг ва мустақил ҳамкорликка интилаяпти. Озарбойжон сўнгги йилларда Қорабоғ урушида ғалаба қозониб, минтақада Туркия ва Исроил билан ҳарбий ҳамкорликни кенгайтирди. Бу уни минтақадаги етакчи кучга айлантирди.
Шу билан бирга, Россиянинг Украинадаги уруш туфайли глобал позицияси заифлашган. Бу ҳолатдан фойдаланган Боку, Кремл таъсирини чеклашга ва янги сиёсий манёвр имкониятларини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Экспертларга кўра, бу кескин риторика ва дипломатик инқирозлар Бокунинг ташқи сиёсатдаги стандарт услуби бўлиб, у доимий қарама-қаршиликлар орқали музокарада ўз позициясини мустаҳкамлайди. Аммо бу узоқ муддатли ажралиш эмас.
Россия, ўз навбатида, Озарбойжонни савдо ва геосиёсий манфаатлар нуқтаи назаридан сақлаб қолишни истайди. Аммо Кремлнинг «назоратчи ва иерархик» муносабатлари Бокуни тобора кўпроқ ғазаблантирмоқда.
Агар Озарбойжон Арманистон билан сулҳ битимини имзолашга ҳаракат қилса, бу ҳам Россия таъсирини чеклашга қаратилган стратегик қадам сифатида кўрилиши мумкин.