2025 йил 4 июл куни Италиянинг Рим шаҳрида бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Кенгашига сайланди. Ўзбекистон ушбу органга тарихда биринчи марта бир овоздан сайлангани маълум қилинди.
ФАО Кенгаши 3 йиллик муддатга сайланадиган 49 давлатдан иборат бўлиб, у ташкилот бюджети, дастурлари ҳамда муҳим қарорлар ва тавсияларни муҳокама қилиш ваколатига эга. Ушбу сайлов натижаси Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ислоҳотлари халқаро даражада эътироф этилганини англатади.
Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, ФАО Кенгашига аъзолик Ўзбекистонга халқаро озиқ-овқат сиёсати ва стандартларни ишлаб чиқиш, миллий ташаббусларни илгари суриш ҳамда янги молиявий ресурслар жалб этишда катта имкониятлар яратади.
ФАО — БМТ таркибидаги махсус агентлик бўлиб, дунё миқёсида очарчиликка қарши курашиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни мақсад қилади. Унга 194 мамлакат ва Европа Иттифоқи аъзо бўлган. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Римда жойлашган ва у 130 дан ортиқ мамлакатда фаолият олиб боради.