Ўзбекистон Республикаси дипломатик корпуси яна бир давлатда расман фаолият бошлади. Венгриядаги элчи Ойбек Шахавдинов эндиликда бир вақтнинг ўзида Сербияда ҳам элчи сифатида иш бошлади. У шу пайтгача Словения, Хорватия ва Черногорияда ҳам ўриндошлик асосида элчилик вазифасини бажариб келаётганди.
«Дунё» ахборот агентлиги маълумотига кўра, Белградда ўтган учрашув чоғида Шахавдинов Сербия Ташқи ишлар вазирлиги дипломатик протокол бўлими раҳбари Бранко Радованович билан музокара ўтказди. Суҳбат давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Сербия расмийлари Ўзбекистоннинг ушбу давлатда доимий дипломатик вакили тайинлашини катта қадам сифатида баҳолади. Уларга кўра, бу қадам икки мамлакат ўртасидаги савдо, инвестиция, таълим ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга замин яратади.
Сербия томони мазкур тайинловни олқишлаб, Ўзбекистон билан барча йўналишлар бўйича алоқаларни кенгайтиришга тайёр эканини билдирди. Шахавдинов ўз навбатида икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлашга интилишини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Сербияда элчилик очиши — дипломатик алоқаларни чуқурлаштириш ва халқаро майдонда фаол иштирок этишга қаратилган яна бир стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда.