Ўзбекистон ҳукумати иссиқ сув ва иситиш хизматларига берилувчи субсидияларни 2030 йилга қадар тўлиқ тугатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 8 июл куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида «Иссиқликтаъминоти» давлат компанияси раҳбари Илҳом Тўраев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Тошкент ва бошқа ҳудудларда аҳоли учун иссиқ сув ва иситиш хизматларига имтиёзли тарифлар қўлланмоқда. Бозор нархи билан амалдаги тарифлар орасидаги фарқ давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
«Соҳани ривожлантириш учун субсидиялардан воз кечиш зарур. Лекин буни бир зумда амалга ошириш қийин. Биз 2030 йилгача босқичма-босқич бу тизимдан чиқишни мақсад қилганмиз. Бунинг учун тарифларни йилда камида бир-икки марта қайта кўриб чиқиб боришимиз керак», — деди Илҳом Тўраев.
Унинг таъкидлашича, тарифларни босқичма-босқич ошириш орқали аҳоли учун юзага келадиган иқтисодий зарбани юмшатиш мумкин. Бу эса давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни қисқартиришга ёрдам беради.
2024 йил декабрида бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳам иссиқлик таъминоти соҳасидаги вазият электр энергияси ва газга нисбатан анча мураккаб эканини тан олган эди. Унинг айтишича, тарифлар ва бозор нархи ўртасидаги катта фарқ ҳамда минтақалардаги ноқулай инфратузилма бу жараённи мушкуллаштирмоқда.
Қўчқоров марказлашган иситиш тизимида ўлчов ускуналарининг етишмаслиги, технологияларнинг эскиргани ва хизматнинг қимматлиги масалаларини ҳам таъкидлаб ўтди. Ҳукумат 2025–2026 йилларда харажатларни тўлиқ қоплайдиган даражадаги тарифларни жорий этишга ҳали тайёр эмаслигини тан олмоқда.