Mash нашрининг маълумотига кўра, у Ички ишлар вазиридан шахсий совға тариқасида олган тўппончадан ўзини отган. Унинг жасади 7 июл куни Москва яқинидаги Одинцово туманида, ўз машинаси яқинида топилган. Старовойт 2021 йилда турмушидан ажралган. Унинг жасадини у уйланмоқчи бўлиб юрган янги маъшуқаси таниб олган.
Вафот ва ишдан бўшатиш тафсилотлари
Forbes нашри манбаларига кўра, Старовойт аслида бир суткадан кўпроқ вақт олдин вафот этган. Яъни, Россия президенти уни ўлими сабабли лавозимдан олгани ҳақиқатга яқинроқ. Айрим манбалар эса воқеа 5–6 июл кечаси воқеа юз берганини тасдиқламоқда.
Роман Старовойтнинг ишдан олиниши кеча, 7 июл эрталаб эълон қилинган. Бу қарор Москва ва Санкт-Петербург аэропортларидаги дрон ҳужумлари ва юзага келган авиация инқирози фонида қабул қилинган.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков унинг лавозимдан кетишини «ишонч йўқотилиши билан боғлиқ эмас», деб айтди. Бироқ ҳақиқий сабаб ҳақида изоҳ бермади. Newsmbile нашрига кўра, унинг истеъфосига сабаб сифатида Санкт-Петербург ва Москва аэропортларидаги Украинадан дрон ҳужумлари ва авиация инқирози, ҳамда транспорт тизимидаги муаммолар (рейслар бекор қилиниши, 485 рейс бекор қилинган, 1900 таси кечиктирилган) тилга олинган.
Роман Старовойт ва «аждар тишлари можароси»: нима бўлган эди?
Роман Старовойт 2021 йилнинг октябридан 2024 йилнинг майигача Курск областининг губернатори лавозимида ишлаган.
2024 йилнинг апрел ойида унинг ўрнига тайинланган янги губернатор Алексей Смирнов ҳибсга олинди. У ва яна бир амалдор Украина билан чегарадаги машҳур «аждар тишлари» деб аталувчи истеҳком иншоотларини қуришда миллиардлаб рублни ўғирлашда айбланмоқда. Смирнов эса Старовойтнинг губернаторлик даврида унинг ўринбосари бўлган.
«Аждар тишлари» нима?
2022 йил октабр ойида Старовойт Курск областида Украина билан чегарада икки мудофаа чизиғи қурилгани, учинчиси эса қурилаётганини эълон қилганди. У бу «аждар тишлари» деб аталувчи бетон тўсиқлар суратини ўзининг ижтимоий тармоқларига жойлаштирган.
«Вёрстка» нашрига кўра, бу иншоотлар учун жами 3,2 миллиард рубл ажратилган. Бироқ орадан икки йил ўтмай, Украина қуролли кучлари (УҚК) Курск областининг чегарадош районларига кириб келди. Ҳарбийлар деярли ҳеч қандай қаршиликка учрамаган. Бу ҳолат «аждар тишлари» қурилиши мутлақо самарасиз бўлганини кўрсатди.
Сўнгги хабарларга кўра, Алексей Смирнов — Курск областининг собиқ губернатори ва ҳозирда ҳибсда Роман Старовойтга қарши кўрсатма берган. Шу асосда ҳуқуқ-тартибот идоралари Старовойтга нисбатан ҳам эътироз билдирадиган сабаб топган. Ҳукуматга яқин ОАВлар ёзишича, уни ҳибсга олиш қарори ўлимидан бир кун аввал қабул қилинган.