«Толибон» етакчилари қидирувга берилди

20:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Халқаро жиноят суди Афғонистонда ҳокимият тепасига чиққан «Толибон» етакчилари Ҳайбатулло Охундзода ва Абдул Ҳаким Ҳаққонийни расман қидирувга берди.

Taliban myc

2025 йил 8 июл куни Халқаро жиноят суди (ХЖС) томонидан Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган «Толибон» ҳаракати етакчилари — Ҳайбатулло Охундзода ва мамлакат Олий суди раиси Абдул Ҳаким Ҳаққонийга нисбатан ҳибсга олиш бўйича ордер чиқарилгани маълум қилинди.

Бу ҳақда ХЖСнинг расмий пресс-релизида қайд этилган. Суднинг айтишича, қарор ХЖСнинг II Палатаси — дастлабки ишларни кўриб чиқувчи тузилмаси томонидан қабул қилинган.

Суд Охундзода ва Ҳакқонийни аёллар ва қизларга нисбатан гендер асосида таъқиб қилиш — инсониятга қарши жиноят содир этганликда айбламоқда. Таъкидланишича, улар бу ҳаракатларни бевосита буйруқ бериш, гижгижлаш ёки ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширган. Шунингдек, ушбу жараёнда иштирок этган ёки ёрдам берган бошқа шахслар ҳам таъқибга учраган.

Охундзода ва Ҳаққоний «Толибон» ҳокимият тепасига келган 2021 йил 15 августдан бери амалда мамлакатни бошқариб келади.