Трамп ва Нетаняҳу учрашди, Ғазода қурбонлар сони ошмоқда

10:40 | 2 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳуни қабул қилди. Улар учрашувда Ғазо секторидаги зиддият ва у ердаги фаластинликларни бошқа давлатларга кўчириш ғоясини муҳокама қилдилар. Учрашув Исроил ҳарбийлари томонидан 60 нафар фаластинлик ўлдирилган бир пайтда бўлиб ўтди.

Trump netanyaxu

Мазкур учрашув Қатарда Исроил ва ҲАМАС вакиллари ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокаралар давом этаётган паллага тўғри келди. Аммо воқеликда Ғазода зўравонликлар давом этмоқда. Яқинда Ямандаги ҳусийчилар Қизил денгиздаги иккинчи кемага ҳужум уюштирди.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, уруш бошлангандан буён камида 57 минг 523 киши ҳалок бўлган, 136 617 киши эса яраланган. Шунингдек, 2023 йил 7 октябрдаги ҲАМАС ҳужумлари чоғида Исроилда 1139 киши ҳалок бўлган, 200 дан зиёд инсон асирга олинган эди.

Шу билан бирга, Ғазодаги очлик ва санитария инқирози аҳолининг аҳволини янада оғирлаштирмоқда. Шифокорлар болалар ўртасида менингит ҳолатлари кўпайганидан хавотир билдирди.