Дорсининг айтишича, у BitChat’ни дам олиш кунлари яратган бўлиб, унинг ишлаш тамойилларини ўзлаштириш учун Bluetooth тармоқлари, шифрлаш усуллари ва маълумот узатиш технологияларини ўрганган. У бу дастурни 1990-йилларда машҳур бўлган IRC чатларига ўхшатади.
BitChat Bluetooth Mesh технологиясида қурилган бўлиб, унда ҳар бир қурилма мижоз ҳамда ретранслятор вазифасини бажаради. Яъни хабарлар тармоқ бўйлаб босқичма-босқич бошқа қурилмалар орқали узатилади ва тўғридан-тўғри боғланмаган фойдаланувчиларгача етиб боради.
Мессенжерда аккаунт йўқ, рўйхатдан ўтиш учун на электрон почта, на телефон рақами керак. Хабарлар қурилмада маҳаллий сақланади ва турига қараб шифрланади. Жисмоний шахслар ўртасидаги хабарлар учун ёриб ўтувчи шифрлаш, гуруҳ чатлари ва очиқ каналлар учун эса бошқа турдаги муҳофаза қўлланилади.
BitChat катта хабарларни 500 байтлик қисмларга бўлиб, Bluetooth орқали узатади. Яқин вақтда Wi-Fi орқали файл жўнатиш имконини ҳам жорий этиш режалаштирилган.
Ҳозирда BitChat’ни iOS фойдаланувчилари TestFlight орқали синаб кўришлари мумкин. macOS учун эса GitHub’даги йўриқнома асосида ўрнатиш имкони мавжуд. Фойдаланувчилар исталган тахаллусни танлашлари, парол билан ҳимояланган шахсий хона яратишлари ва шахсий хабарлар учун тўғридан-тўғри мурожаат қилишлари мумкин.