Урганч шаҳрида 2 нафар вояга етмаган қиз кўп қаватли уй томидан пастга қулади. Улар воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Vaqt.uz’га маълум қилди.
Қайд этилишича, Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ навбатчилик қисмига 7 июль куни соат 08:15 ларда «Нурли ҳаёт» кўчаси 20-уй манзилида жойлашган етти қаватли уйнинг томидан 2 нафар аёл жинсига мансуб фуқаролар ўзини-ўзи пастга ташлаб, вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ўтказилган дастлабки текширувлар натижасида, ўз жонига қасд қилган шахслар вояга етмаган С.Д. (2009) ҳамда Б.С. (2010) экани аниқланган.
Марҳумалар Урганчда истиқомат қилган бўлиб, ҳозирда воқеа юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.