298 нафар авиаҳалокат қурбони учун жавобгар — Европа суди Россияга ҳукм чиқарди

23:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Инсон ҳуқуқлари суди 2014 йилда 298 кишининг ўлимига олиб келган Malaysia Airlines’нинг MH17 рейси ҳалокатида Россияни жавобгар деб топди. Бу Россия халқаро суд томонидан ушбу авиаҳалокат учун илк бор расман айбдор деб эътироф этилган ҳолат ҳисобланади.

Eu avia

Associated Press агентлиги хабар беришича, суд қарорлари Украина ва Нидерландия томонидан Россияга қарши кўтарилган даъволар асосида чиқарилган. 2014 йил 17 июл куни Амстердамдан Куала-Лумпурга учаётган Boeing самолёти Украина шарқидаги айирмачилар назоратидаги ҳудуддан отилган Россияда ишлаб чиқарилган «Бук» зенит-ракета мажмуаси томонидан уриб туширилган.

Ҳалокат натижасида 298 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари ҳалок бўлган, улардан 196 нафари Нидерландия фуқаролари бўлган. Суд бу фалокат учун жавобгарлик тўғридан тўғри Россия зиммасида эканини қайд этган.

Россия 2022 йилдан буён Европа Инсон ҳуқуқлари суди қарорларини тан олмайди. Шу сабабли, мазкур қарорлар амалда юридик ижро кучига эмас, балки сиёсий ва рамзий аҳамиятга эга, деб баҳоланмоқда.