Aksa Enerji компанияси Ўзбекистоннинг Талимаржон ҳудудида қурган ва 430 MW қувватга эга бўлган газ турбинали электростанцияни тўлиқ ишга туширди. Бу компаниянинг мамлакатдаги Тошкент A ва B ҳамда Бухородаги станциялардан кейинги тўртинчи инвестицияси ҳисобланади, деб ёзмоқда Bloomberg Haber Turk.
Янги станция Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашда сезиларли улушга эга бўлиб, Aksa Enerji’нинг мамлакатдаги умумий ишлаб чиқариш қувватини 1220 MWга етказди. Компаниянинг жаҳон бўйича умумий қуввати эса 3124 MWни ташкил этмоқда.
Aksa Enerji Бошқарув кенгаши раиси ва бош директори Жамил Қазанчига кўра, ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукумати ва Миллий электр компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилди ва Туркия-Ўзбекистон иқтисодий муносабатларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Қазанчи саноатнинг барқарор ривожланиши, маҳаллий иш ўринлари яратилиши ва таъминот занжири мустаҳкамланиши нуқтаи назаридан станциянинг аҳамиятини алоҳида қайд этди. Шу билан бирга, у компания келгусида бошқа минтақаларда ҳам янги лойиҳалар орқали глобал энергия бозорига ҳисса қўшишда давом этишини маълум қилди.
Aksa Enerji акциялари оммага очиқ бўлиб, компания мустақил электр энергияси ишлаб чиқарувчиси сифатида 7 давлатда фаолият юритмоқда. Талимаржондаги янги станция эса нафақат техник қуввати, балки ижтимоий таъсири билан ҳам мамлакат иқтисодиётида муҳим ўрин тутади.