Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар ва федерациянинг ҳудудий бўлимларига фуқаролар томонидан болалар пули, ногиронлик ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларнинг банк карточкаларидан автоматик ечиб олиниши ҳақида кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Истеъмолчилар таъкидлашича, бу маблағлар уларнинг розилигисиз, кредит тўловларига йўналтирилмоқда.
Парпиевга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасида заиф тоифадаги фуқароларнинг ҳуқуқлари давлат томонидан ҳимояланиши белгиланган. Шу билан бирга, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддасига асосан, истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи ва қонунчиликка зид бўлган шартлар ҳақиқий эмас деб эътироф этилади. Агар бу каби шартлар натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, у ҳолда зарар ишлаб чиқарувчи, сотувчи ёки ижрочи томонидан қопланиши шарт.
«Шу нуқтайи назардан келиб чиқиб, шартномаларга истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқларини камситадиган ёки уларни белгиланган имтиёзлардан маҳрум қиладиган талабларни киритиш қатъиян тақиқланган», — дейилади хабарда.
Федерацияга кўра, мазкур амалиёт фуқаролик қонунчилигидаги оферта ва аксепт нормаларига зид бўлиб, фуқароларнинг истеъмолчи сифатидаги конституциявий ва қонуний ҳуқуқларини бузиш демакдир. Шу сабаб Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқарувига жамоатчилик сўрови билан мурожаат киритган. Унда:
Унда:
- барча банк ва микромолия ташкилотлари ички тартибларига ижтимоий нафақаларни фуқаро розилигисиз (аксептсиз) қарз тўловига йўналтириш амалиётини чекловчи нормалар киритиш;
- мавжуд автоматик ечиб олиш дастурларидан ижтимоий нафақаларни чиқариб ташлаш;
истеъмолчи сифатида фуқароларнинг бузилаётган қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралар кўриш таклиф этилмоқда.
«Бу таклифлар ижтимоий ҳимоя маблағларини ҳақиқий мақсадда — заиф тоифадаги фуқароларнинг яшаш даражасини таъминлаш ва ҳимоя қилиш йўлида сарфланишини таъминлашга қаратилган», — дейилади хабарда.