8 июл куни Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллада жиноятчиликни жиловлаш ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари бўйича тақдимот билан танишди. Унда 2025 йилда ҳар бир маҳаллада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича белгиланган вазифалар, амалга оширилган ишлар ва долзарб муаммолар муҳокама қилинди.
Маълум қилинишича, ўтган олти ой мобайнида ҳар бир маҳалла бўйича “йўл хариталари” асосида ижтимоий профилактика тизими жорий этилди. Жамоат жойларини рақамлаштириш қамрови кенгайтирилди, ҳуқуқ-тартибот соҳасида илмий-амалий тадқиқотлар ўтказилди. Натижада 5 минг 200 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят қайд этилмаган.
Бироқ, криминоген вазияти оғир маҳаллалар ҳамон мавжуд. Шу боис профилактика инспекторлари, қидирув ва патрул хизмати фаолиятини кучайтириш, маҳаллаларни жиноятсиз ҳудудга айлантириш зарурлиги таъкидланди. Ёшлар ўртасида гиёҳвандлик ҳолатлари ҳам ҳалигача учраб турибди. Бу иллатга қарши сунъий интеллект ва видеокузатув орқали курашиш зарурлиги қайд этилди.
Президент кибержиноятчиликни бугунги куннинг энг жиддий муаммоларидан бири сифатида баҳолади. Йил бошидан бери қайд этилган жиноятларнинг 42 фоизини айнан киберхавфлар ташкил қилган. Бу борада аҳоли билимини ошириш, тўлов тизимларида хавфсизликни кучайтириш ва соҳадаги кадрларнинг малакасини ошириш вазифалари белгиланди.
Ички ишлар тизимида таълим ва тайёргарликнинг замонавий таҳдидларга мослаштирилиши, Академия фаолиятини такомиллаштириш ва қўшимча йўналишлар очиш режалаштирилган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги мувофиқликни кучайтириш орқали жиноятчиликни қисқартириш муҳим мақсад сифатида белгиланди.