Ўзбекистон элчиси Туркия Президентига ишонч ёрлиқларини топширди

20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистоннинг янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳом Ҳайдаров Туркия президенти Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.

Uzb turk

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги чуқурлаштирилган кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.

Ўзбекистон ва Туркия президентлари ўртасида самимий ва дўстона муносабатлар қарор топгани алоҳида таъкидланган. Йил охирига қадар режалаштирилган олий ва юқори даражадаги тадбирларга эътибор қаратилган.

Ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни, иқтисодий дипломатияни янада ривожлантириш учун юқори салоҳият мавжудлиги, яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларига етказишнинг муҳимлиги қайд этилган.

Туркия президенти Ўзбекистон элчисига ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади ҳамда дипломатнинг ўз вазифаларини адо этишида барча давлат ташкилотлари яқиндан кўмак беришини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Туркияга янги тайинланган элчиси Илҳом Ҳайдаров 16 июн куни Анқара шаҳрига етиб борган эди. У шу куннинг иккинчи ярмида Туркия Ташқи ишлар вазирлиги Протокол Бош бошқармаси бошлиғи, элчи Аҳмет Жемил Мироғлуга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди.

Илҳом Ҳайдаров Олий Мажлис Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси этиб сайланган Алишер Агзамходжаев ўрнига тайинланган.