Ўзбекистонда электромобилларни қувватлаш жойларини эгаллаган машиналарни жаримага тортиш таклиф қилинди

17:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Tokbor компанияси вакили Азиз Парпиев ички ёнув двитетелли автомобилларнинг электр қувватлаш нуқталарини эгаллаб туришига чек қўйиш мақсадида уларни жаримага тортишни назарда тутувчи қонунчилик ўзгаришларини жорий этиш таклифи билан чиқди.

Tokbor1

Ўзбекистонда электромобиллар сони ортиб бораётгани сабабли, улар учун мўлжалланган зарядлаш жойларига ички ёниш двигателига эга автомобилларнинг тўхташи жиддий муаммога айланмоқда. Бу ҳақда 7 июл куни Тошкентда ўтказилган IT-компаниялар, контент провайдерлар ва давлат харидлари иштирокчилари билан бўлган очиқ мулоқотда Tokbor электрозаправка тармоғи вакили Азиз Парпиев маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Tokbor’га юборилаётган кўплаб мурожаатлардан маълум бўлишича, айниқса очиқ автотураргоҳлардаги электрозарядлаш нуқталари тез-тез ички ёниш двигателига эга автомобиллар томонидан эгаллаб қўйилмоқда. Бу эса электромобил эгаларига зарядлаш хизматидан фойдаланиш имконини чекламоқда.

Парпиев бу муаммони ҳал этиш учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга махсус модда киритилишини таклиф қилди. Унинг таъкидлашича, 2023 йилда Президент Администрацияси ҳузурида электрозаправка инфратузилмасини ривожлантириш бўйича махсус ишчи гуруҳ ташкил этилган, аммо у таклиф қилган ҳуқуқий чора-тадбирлар ҳозирча амалиётга татбиқ этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил 1 ноябрда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 732-сонли қарори билан Ички ишлар вазирлиги ва маҳаллий ҳокимиятларга электрозарядлаш нуқталаридан нотўғри фойдаланиш ҳолатларини бартараф этиш учун икки ой муддатда аниқ таклифлар тайёрлаш вазифаси юклатилган эди. Бироқ бу иш ҳали амалга ошмаган.

Тадбир якунида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳабов мазкур ташаббусни «долзарб ва ўринли» деб баҳолади ва уни расмий равишда мулоқот баёнига киритишга қарор қилди. Электромобил бозори кенгайиб бораётган бир пайтда, улар учун инфратузилмани ҳимоя қилиш ва самарали бошқариш масаласи янада муҳим аҳамият касб этмоқда.