Ўзбекистонда жамоат транспорти ислоҳоти: Тошкент ва вилоятлар учун янги тизим жорий этилади

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида жамоат транспортини ислоҳ қилиш ва тирбандликни камайтиришга доир миллий миқёсдаги муҳим қарорлар қабул қилинди. Янги тизимга кўра, транспорт маршрутлари узайтирилади, субсидия механизми кенгайтирилади ва интеллектуал бошқарув жорий этилади.

Selector2

Президент раислигида йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тирбандликни камайтириш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида мамлакатдаги жамоат транспорти тизими жиддий танқид қилинди. Айниқса, шаҳарлараро автобуслар график бўйича эмас, балки йўловчи тўлганидан кейин юриши қайд этилди. Сабаби — тадбиркорлар учун зарарни қоплаш механизми фақат шаҳар атрофидаги қатновларга тегишли бўлиб, узоқ масофалардаги қатновлар учун субсидия тизими йўлга қўйилмаган.

Давлат раҳбари энди ўрта ва узоқ масофага қатнайдиган транспорт учун янги тизим жорий қилиниши, хусусан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ўртасида ягона агломерация тизими ишга туширилишини маълум қилди. Пойтахтга кунига 1 миллион одам ташриф буюради, шундан 275 минг нафари — Тошкент вилоятидан. Шу сабабли, шаҳарга келадиган 20 та автобус йўналиши 15–20 кмга узайтирилади ва яна 6 та янги маршрут ташкил этилади.

Шунингдек, 1 сентябрдан Тошкент ва Тошкент вилоятида, 2026 йил 1 январдан бошлаб эса барча йирик шаҳарларда янги жамоат транспорти тизими йўлга қўйилади. Автобус ва микроавтобусларга йўловчи бошига субсидия берилади, утилизация йиғими бўйича имтиёзлар эса яна 3 йилга узайтирилади.

Туризм соҳаси учун ҳам қулайликлар яратилиб, туристик автобус ва микроавтобуслар учун божхона имтиёзлари жамоат транспортига ҳам татбиқ этилади. Тадбиркорлардан ҳаракат графигига риоя этиш ва электрон тўлов тизимидан фойдаланиш талаб этилади.

Пойтахтда йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича Хитойдан 300 млн долларлик инвестиция жалб қилинган. Шунингдек, 700 дан ортиқ чорраҳани қамраб оладиган «Интеллектуал транспорт» тизими орқали тирбандликлар 30 фоизгача камайтирилиши кутилмоқда.