Ўзбекистонда «Президент Олимпиадаси» ҳар йили ўтказилади

14:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон спортчилари Олимпия ва Паралимпия ўйинларига яхлит тизим асосида тайёрланади. Президент фармонига мувофиқ, 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарликнинг янги концепцияси тасдиқланди.

Olimpiada

Ҳужжатда спорт турлари устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга ажратилиши, улар рўйхати ҳар 4 йилда қайта кўриб чиқилиши белгиланган. Бокс, дзюдо, эркин кураш, оғир атлетика каби йўналишлар медаллар бўйича асосий мақсад сифатида қайд этилган. Шунингдек, триатлон, волейбол, стол тенниси каби 21 та спорт тури бўйича лицензия олиш вазифаси қўйилган.

2025 йилдан бошлаб «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» деб номланган уч босқичли спорт мусобақалари ўтказилади. Уларнинг финали ҳар йили «Президент Олимпиадаси» сифатида ташкил этилади. Бу мусобақада иштирок этган ва юқори ўринларни эгаллаган спортчилар миллий терма жамоалар учун захира сифатида тайёрланади.

Шунингдек, спортчилар 8–11-синф босқичида Олимпия ва Паралимпия мактабида, кейинги босқичда эса Олимпия ва Паралимпия коллежида ўқитилади. Олий ҳарбий таълим муассасаларига спорт чемпионларини имтиёзли қабул қилиш, уларга ойлик стипендиялар тайинлаш ҳам назарда тутилган.

Бу чоралар Олимпия йўналишида юқори натижаларга эришишга хизмат қилади ва спорт соҳасини янада тизимли равишда ривожлантиришни мақсад қилган.