«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати 19 июндан 3 июлгача республика бўйлаб ўтказган сўровномада 1247 нафар фуқаро қатнашди. Сўров иштирокчилари турли ёш ва минтақаларни қамраб олди. Улардан 71 фоиздан ортиғи турмуш қурганлар бўлиб, тўй масаласида тўғридан-тўғри тажрибага эга.
Сўров натижаларига кўра, 81 фоиздан кўпи — ойлик даромадини 5 млн сўмдан 12 млн сўмгача деб кўрсатган. Шу билан бирга, тўй харажатлари 50–100 млн сўм ва ундан ортиқ экани маълум бўлди. Бу кўп ҳолларда бир йиллик даромадга тенг.
Иштирокчиларнинг аксарияти тўйларни «ўзи ва яқинлари ёрдамида» молиялаштирганини айтган (55 фоизи), 25 фоизга яқини эса қарзга тўй қилаётганини билдирган. Ҳаммасига сабаб сифатида эса жамоатчилик босими, «элга тўй бериш» мажбурияти ва ота-оналар орзуси кўрсатилган.
Респондентларнинг катта қисми ҳашаматли тўйларни маъқулламайди. 39 фоиздан кўпроқ киши камтарона тўйни афзал кўрган. Шу билан бирга, 44 фоиз киши тўйдаги ортиқча харажатлардан афсусланганини билдирган. Айримлар пулни тўй ўрнига таълим, уй-жой, соғлиқни тиклаш ёки бизнесга сарфлашни маъқул деб билган.
Сўровда иштирок этганлар тўй маросимларини соддалаштиришни қўллаб-қувватламоқда. Улар меҳмонлар сонини қисқартириш, баъзи маросимлардан воз кечиш ва тарғибот ишларини кучайтириш таклифини билдирган. Фақат 7 фоизгина ҳеч қандай ўзгариш керак эмас деган.
Ўзбекистонда тўй анъаналарини ислоҳ қилишга бўлган ижтимоий эҳтиёж ортмоқда. Жамиятда тўйларни маънавий ва иқтисодий жиҳатдан меъёрлаштиришга тайёрлик юқори.