8 июл куни Президент раҳбарлигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда қайд этилишича, ҳокимлар ва ЙҲХХ органлари ҳамкорликда йўл инфратузилмасини яхшилаган ҳудудларда сезиларли ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Масалан, Чуст туманидаги ҳалқа йўлига муҳофаза тўсиқлари ўрнатилиб, илгари ҳар йили 10 нафар одам ҳалок бўлган участкада бу йил бирор авария қайд этилмаган.
Президент топшириғи асосида халқаро ва давлат аҳамиятидаги 1557 км йўл ҳолати ўрганилиб, бетон ва темир тўсиқлар, 967 км тротуар ҳамда 38 мингта йўл белгиси етишмаслиги аниқланди.
Шу муносабат билан Президент «Хавфсиз йўл» номли миллий дастурни эълон қилди. Дастур доирасида «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси қайта ташкил қилиниб, Ҳукуматга бўйсундирилади. Ҳар бир вилоятда унинг алоҳида филиали фаолият юритади.
Жорий йилда жамғармага 400 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган. Шунингдек, фото ва видео радарлардан тушган жарималарнинг 25 фоизи жамғарма фойдасига йўналтирилади. ЙҲХХ тизимидаги йўл белгилари ва светофорлар учун масъул ташкилотлар ҳам ҳудудларга ўтказилади.
Жамғарма шаффоф ишлайди. Таркибига вилоят ЙҲХХ, йўл бошқармалари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари киради. Маблағлар эса авария хавфи юқори бўлган нуқталарни тартибга солишга йўналтирилади. Пиёда йўлаклари, чорраҳалар, ёритиш тизимлари ва рақамлаштириш ишлари шулар жумласидандир.
Энг муаммоли нуқталарни аниқлаш мақсадида алоҳида электрон портал ишга туширилади. У ерда туман ҳокимликлари ва ички ишлар органлари смета билан маълумот жойлаштиради, фуқаролар эса лойиҳаларга овоз беради ва натижаларни баҳолайди.
Жамғарма маблағини ҳудудлар салоҳиятидан келиб чиқиб тенг ва самарали тақсимлаш ваколати ҳам белгиланади. Шу орқали ички йўлларни тартибга солиш бўйича масъулият тўлиқ маҳаллий ҳокимият зиммасига юкланади.