Қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини импорти учун QR-код ва хулоса жорий этилди

13:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб QR-код ва махсус хулосасиз уруғлар импорт қилиниши ва сотилиши тақиқланади. Бу президент фармони билан тасдиқланган янги тизим орқали амалга оширилади.

Qishloq xo'jaligi

Ҳужжатга кўра, эндиликда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолаш рақамли кодлаш ва махсус эксперт хулосаси орқали амалга оширилади. Шунингдек, уруғ етиштирувчи тадбиркорлар ягона реестрга киритилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб Божхона қўмитаси томонидан QR-коди йўқ ва ижобий хулосаси мавжуд бўлмаган уруғлар «эркин муомалага чиқариш» режимида расмийлаштирилмайди. Ушбу талабларга риоя қилмаган тадбиркорларга эса БҲМнинг 150 бараваригача — 61,8 миллион сўмгача маъмурий жарима қўлланилади.

Сифат назорати икки босқичда ўтказилади: аввал махсус комиссия уруғлик экинларининг далаларини кўздан кечиради ва навдорлик гувоҳномасини расмийлаштиради. Кейин эса уруғлар лабораторияда синовдан ўтказилиб, уларнинг экинбоплиги тўғрисида хулоса берилади.

“Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ушбу жараёнда ягона ваколатли ташкилот сифатида белгиланган. Илмий-тадқиқот муассасалари учун эса импорт қилинган уруғликларни кодлаш ва хулосалаш бепул амалга оширилади.

Президент Мирзиёев 2024 йилдаги тақдимотда асосий мақсад — қишлоқ хўжалигини БМТнинг FAO тажрибаси асосида ривожлантириш эканини таъкидлаган эди. 2025 йилда 4,8 миллион гектар майдонда экин етиштириш режалаштирилган.