Қўл браслетлари ҳақиқатан 10 хил касалликни даволайдими?

12:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Интернетда кенг тарқалаётган браслетлар иммунитет ошириш ва оғриқни йўқотиш хусусиятига эга экани айтилаётган бўлса-да, мутахассислар бу каби маълумотларга ишонч билан ёндашмасликни тавсия этмоқда. Расмий синов ва тасдиқ бўлмаган маҳсулотлардан эҳтиёт бўлиш лозим.

Bilakuzuk

Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда кўп функцияли қўл браслетларига оид реклама ва маълумотлар кенг тарқалмоқда. Улар озишга ёрдам бериш, иммунитетни ошириш, чарчоқни камайтириш, бош ва бўғим оғриқларини бартараф этиш каби ўнга яқин шифобахш хусусиятга эга деб кўрсатилмоқда. Аммо Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бу каби маҳсулотлар ҳақида ишончли маълумотларга эга бўлишни тавсия қилмоқда.

Қўмитага кўра, қўл браслетларини харид қилишдан аввал мазкур тиббий маҳсулотнинг клиник синовлардан ўтгани ва Соғлиқни сақлаш органлари томонидан тасдиқланган ҳужжатлари билан танишиш кераклигини эслатиб ўтади. Агар бундай ҳужжатлар йўқ бўлса, реклама нотўғри ёки чалғитувчи ҳисобланади!

Шу боис, харид қилмоқчи бўлган ҳар бир истеъмолчи товар ҳақидаги расмий манбаларни ўрганиши, маҳаллий ва халқаро илмий тадқиқотлар, шарҳлар билан танишиши лозим. Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги Қонунига кўра, нотўғри ва ноаниқ реклама тарқатиш жавобгарликка сабаб бўлади.