ЕИ мамлакатларига «таҳдидлар даври» учун ресурс тўплаш тавсия қилинди

22:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Европа Комиссияси Евроиттифоқ аъзоларига уруш ва геосиёсий хатарлар фонида озиқ-овқат, дори, ядровий ёқилғи ва муҳандислик ускуналари каби муҳим ресурсларни олдиндан заҳира қилиб боришни тавсия қилмоқда. Брюссел буни киберҳужумлар, иқлим инқирозлари ва хавфли можаролар даврига тайёргарлик сифатида кўрмоқда.

Enegy eu

Европа Комиссияси 9 июл куни эълон қилган ҳужжатда ЕИ мамлакатларига стратегик заҳиралар яратиш таклиф этилди. Бу ташаббус геосиёсий нотинчлик, эҳтимолий қуролли можаролар ва критик инфратузилманинг заифликлари ортидан илгари сурилмоқда.

Еврокомиссия фақат озиқ-овқат ва дори-дармон эмас, балки энергия тармоқлари ҳамда телекоммуникация инфратузилмалари учун эҳтиёт қисмлар, ядровий ёқилғи ва камёб ер металлари каби ресурсларни ҳам сақлашни тавсия қилмоқда. Айниқса, Брюсселдаги манбалар Европадаги денгиз тубидаги алоқа кабелларига нисбатан тахминий саботаждан сўнг инфратузилма ҳимоясига эътибор кучайтириш зарурлигини таъкидламоқда.

Ҳужжатда киберҳужумлар, иқлим ўзгариши ва ҳарбий тўқнашувлар хавфи сабаб заҳира жамғариш «бу ҳолатлар юз берганда жавоб бериш эмас, балки олдиндан тайёргарлик кўриш» стратегияси сифатида қаралиши кераклиги айтилган. Ташаббус доирасида саноатни жалб этиш, ишлаб чиқариш салоҳиятини сақлаш ва солиқ имтиёзлари орқали рағбатлантириш режалаштирилмоқда.

Еврокомиссия бу режаларни 2026–2032 йилларга мўлжалланган ЕИ бюджети орқали қисман молиялаштиришни таклиф қилмоқда.