Литва ва Финландия расман Оттава конвенциясидан чиқиш жараёнини бошлади ва 2026 йилдан бошлаб пиёдага қарши миналар ишлаб чиқаришга киришишини маълум қилди. Reuters агентлиги Ҳелсинки ва Вилнюс расмийларига таяниб, бу қарор Россиянинг тобора кучаётаётган таҳдидлари фонида қабул қилинганини хабар берди.
Литва мудофаа вазирининг ўринбосари Каролис Алекса маълум қилишича, мамлакат миналарга юзлаб миллион евро сарфлайди ва камида ўн минглаб мина буюртма қилинади. Унинг сўзларига кўра, маҳаллий саноат бу миқдорни ишлаб чиқариш имкониятига эга ва келгусида Украинага ҳам етказиб бериш режалаштирилмоқда.
Литва Россия билан 274 км, Беларус билан эса 679 км чегарага эга. Финляндиянинг Россия билан чегараси эса 1340 км бўлиб, бу НАТО таркибидаги давлатлар орасида энг узуни ҳисобланади. Фин парламент мудофаа қўмитаси раҳбари Ҳейкки Ауттонинг таъкидлашича, миналар — юқори самарадор ва арзон қурол тизими ҳисобланади. Шунинг учун мамлакат хавфсизлиги учун ўз ишлаб чиқариш салоҳиятини йўлга қўйиши зарур.
Аутто таъкидлаганидек, Финландия 2011 йилда Оттава шартномасига қўшилгунга қадар 1 миллиондан зиёд минага эга бўлган. Унингча, бу миналарни сақлаш — улардан фойдаланмасликка кафолат беради.
Финландиядаги Nammo Lapua, Insta ва Raikka каби мудофаа компаниялари мина ишлаб чиқаришда иштирок этиш нияти борлигини парламент қўмитасига маълум қилган. Forcit Explosives компанияси ҳам ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Икки мамлакатдаги расмийлар мина ишлаб чиқариш жараёнини конвенциядан чиқиш бўйича олти ойлик расмий жараён тугаши билан бошлаш мумкинлигини маълум қилишди.
Полша, Латвия ва Эстония ҳам Оттава шартномасидан чиқишини эълон қилган, аммо ҳозирча мина ишлаб чиқариш режаси ҳақида маълумот бермаган. Украина эса 1997 йилги шартномадан аввалроқ чиққан ва Россия билан уруш давомида ҳар икки томон ҳам мина қўллаётганликда бир-бирини айблаб келмоқда.