SchengenVisaInfo портали маълумотига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон фуқаролари томонидан Шенген визаси учун жами 58 691 та ариза топширилди. Бу 2023 йилдаги 46 503 та аризага нисбатан 26,2 фоизга кўп. Ариза топшириш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон дунёда 35-ўринни эгаллади.
Виза бериш даражаси 88 фоизни ташкил қилди. Жами 51 604 та ариза консулликлар томонидан маъқулланган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 33 фоизга ошган. Энг кўп аризалар Германия консулликларига топширилган бўлиб, улар 19 329 тани ташкил қилган. Улардан 15 525 таси тасдиқланган.
Энг юқори маъқуллаш даражаси Болгарияда қайд этилган — 133,4 фоиз. Айни пайтда Швейцария 2024 йил давомида Ўзбекистон фуқароларидан бирорта ҳам ариза қабул қилмаган. Полша эса ўзбекистонликлар учун виза беришни рад этиш бўйича етакчи давлат бўлиб қолмоқда.
Жами аризаларнинг 32,88 фоизи рад этилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 21 фоизга юқори. Ўзбекистонда ҳар минг нафар аҳолига 0,27 фоиз рад этилган ариза тўғри келмоқда. Бу эса мамлакатдаги виза сиёсатига катта қизиқиш борлигини кўрсатади.
2024 йил 11 июнигача Шенген визаси учун ариза тўлови 80 евро бўлган. Ўзбекистонликлар жами 4,7 млн еврога яқин маблағ сарфлаган бўлиб, шундан 740 минг евро рад этилган аризалар ҳиссасига тўғри келади. 2014 йилдан буён Европа Иттифоқи Ўзбекистон фуқароларидан тахминан 26 млн евро йиғим олган.